Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасида самарадорликни ошириш бўйича вазифалар белгиланди
14:01 / 2022-06-14

Бугунги кунда дунёдаги гийосиёсий вазиятлар сабаб барча давлатлар учун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳсулотлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш ҳар қачонгиданда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сабаби, бугун дунё аҳолисининг истеъмол маданияти кун сайин юксалиб, қўйилаётган талаблар янада кучаймоқда.

Шу боис мамлакатимизда ҳам стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасидаги самарадорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган беш йилликда техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани халқаро андозаларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш муҳитини яратиш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди.

Аммо, соҳанинг ўзида сифатни ошириш, замонавий лабораториялар ташкил этиш, ишлаб чиқарувчиларга йўл-йўриқ кўрсатиш орқали, экспортни кўпайтириш бўйича ҳали ишга солинмаган имкониятларнинг мавжудлиги ҳисобга олинса, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар талайгина эканлиги кўзга ташланади.

Шу боис куни кеча Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида стандартлаштириш ва сертификатлаштириш соҳасидаги самарадорликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилиниб галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Хусусан, Давлат раҳбари томонидан Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгиланганлиги, ўтган вақт давомида ушбу мақсадларни амалга ошириш учун барча шарт-шароит яратилганлиги таъкидланди.

Жумладан, ўтган йили қишлоқ хўжалиги корхоналарида “Global G.A.P.» ва “Organic”, тўқимачилик соҳасида “Oeko-Tex” стандарти асосида маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Шунингдек, “GSP+” тизими доирасида 6 минг 200 турдаги маҳсулотларни Европа Иттифоқига божсиз экспорт қилиш имконияти яратилди. Аммо, ўтган бир йил ичида Европа мамлакатларига экспорт қилинадиган маҳсулот турлари 79 тага (жами 643 та), тадбиркорлар сони 102 тага (жами 579 та) кўпайган холос.

Шу боис йиғилишда ўсиш суръати жуда паст экани қайд этилиб, тармоқ ривожига тўсқинлик қилаётган асосий омиллар санаб ўтилди. Жумладан, стандарт, сертификация ва лаборатория масалаларига жавоб берадиган давлат идоралари экспортни кўпайтиришни ўзи учун устувор вазифа, деб билмагани, стандарт, карантин, ветеринария идоралари ҳамда гигиеник лабораториялар ягона сиёсат юритмасдан, тадбиркорга кўмакчи бўлмаётганлиги ҳамда ҳудудларда 150 та замонавий лаборатория ташкил этишга эҳтиёж мавжуд эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда қуритилган мевани экспорт қилиш учун 27 хил турдаги таҳлил қилинадиган лаборатория талаб этилиши, лекин айни кунда Ўзбекистонда бирорта ҳам бундай лаборатория йўқлиги, биргина тўқимачилик маҳсулотларини Европа бозорига олиб кириш учун зарур бўлган 61 та лаборатория таҳлилининг 16 таси бизда йўлга қўйилмагани бунинг натижасида тадбиркорларимиз ўз маҳсулотларини Европа бозорига олиб боргандагина бундай талаблар мавжудлигидан хабар топиб, ортиқча иқтисодий харажат ва вақт йўқотишига тўғри келмоқда.

Бу эса ўз навбатида тадбиркорларнинг экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга бўлган интилишига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис қисқа вақт ичида стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида самарадорликни ошириш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва тармоқ раҳбарларига ҳар бир маҳсулот бўйича масалани чуқур ўрганиб, керакли стандартларни жорий қилиш ва лабораторияларни янгилаш вазифаси қўйилди. Бу орқали халқаро стандартларга мос корхоналар сонини 3 баравар ошириб, улар сонини 1 минг 200 тага етказиш мумкин бўлади. Бу эса, нафақат экспорт ҳажмини ошириш имконини, шу билан бирга, минглаб янги иш ўринлари яратиш орқали фуқаролар бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Албатта, юқорида таъкидлаганимиздек, бу жараёнларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифати масаласи алоҳида устувор аҳамият касб этади. Биз учун озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш билан бирга, уни импорт қилиш жараёнларида ҳам сифат назоратини бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда текшириш муҳим саналади.

Шу боис озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят марказларидаги 14 та лабораторияни халқаро аккредитациядан ўтказиш, 13 та ҳудудий агрокимё лабораториясини замонавий жиҳозлаш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш мумкинки, бугун мамлакат иқтисодий қудрати юксалишида бир қатор кўрсаткич ва тармоқлар муҳим аҳамият касб этади. Шулардан бири, бу — экспорт салоҳияти ва ҳажмининг юксалишидир. Бунда стандартлаштириш ва сертификатлаштиришнинг барча замонавий босқичларидан ўтган маҳсулотларни ишлаб чиқариш бугунги давр талаби ҳисобланади.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати