Сурхондарё вилоятида истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маиший техника савдоси устидан навбатдаги назорат тадбирлари ўтказилди. Текширувлар давомида айрим маҳсулотлар белгиланган техник ва сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланиб, уларни савдодан чиқариш чораси кўрилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг вилоят бўлими томонидан Термиз шаҳридаги “Инденим” савдо марказида жойлашган савдо нуқталарида назорат хариди амалга оширилди. Жараёнда “SWTCHBLANDE” савдо белгили электр бритва ҳамда “GW-6539” русумли соч қуритгич намуналар сифатида олиниб, лаборатория таҳлилига юборилди.

Таҳлил хулосаларига кўра, ҳар икки маҳсулот ҳам амалдаги стандарт талабларига тўлиқ мос келмаслиги маълум бўлди. Хусусан, “SWTCHBLANDE” электр бритвасида маркировка талаблари, механик мустаҳкамлик ҳамда винт ва бириктирувчи деталлар бўйича камчиликлар аниқланган.
“GW-6539” соч қуритгичида эса истеъмол қилинадиган қувват ва ток кучи кўрсаткичлари белгиланган меъёрларга мос эмаслиги, шунингдек, маркировка мустаҳкамлиги талаб даражасида эмаслиги қайд этилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан савдо шохобчаларига огоҳлантириш хатлари тақдим этилди. Шунингдек, мазкур маҳсулотларни савдодан чиқариш бўйича тегишли тақдимнома киритилиб, қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА