Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан МДҲ мамлакатлари ахборот агентликлари журналистлари учун ташкил этилган “Ғалаба йўллари” халқаро медиа тури қатнашчиларининг навбатдаги манзили Россиядаги яна бир қаҳрамон шаҳар Волгоград (аввалги Сталинград шаҳри) бўлди.
1942 йили 17 июлда бошланган ва 1943 йил 2 февралгача давом этган Сталинград жанги Иккинчи жаҳон урушининг Шарқий фронтидаги йирик жанг бўлиб, фашистлар Германияси ва унинг иттифоқчилари шаҳарни назорат қилиш учун собиқ Совет Иттифоқи қўшинлари билан муваффақиятсиз кураш олиб борган. У Иккинчи жаҳон урушидаги энг кўп талофат кўрилган, қонли жанг сифатида тарихда қолган. Унда қизил армиянинг 1,2 миллионга яқин қўшини ҳалок бўлгани қайд этилган. Душман томонидан ҳам қурбонлар сони бундан кам эмас.
Сталинград жанги Иккинчи жаҳон урушида бурилиш нуқтаси сифатида қабул қилинади ва бу мағлубият немис фашистларига жуда қимматга тушади.
[gallery-25424]
1942 йилда шаҳар учун жанг кетаётган пайтда “Сталинград мудофааси учун” медали таъсис этилган ва минглаб жангчилар қаторида ўзбекистонлик 2738 нафар уруш қатнашчиси ушбу медаль билан мукофотланган.
Урушдан кейин Волга дарёси яқинидаги Мамай қўрғонида, қонли жанглар кечган ва 35 мингдан ортиқ жангчи дафн этилган биродарлик қабристони ҳудудида ёдгорлик мажмуаси ташкил этилади. Ўтган аср 60-йилларида бу ерда мажмуанинг асосий монументи – улкан ҳайкал ўрнатилади. Қилич кўтариб ўз ватандошларини ҳам душманга қарши курашга даъват этиб турган аёл тимсоли “Она Ватан чорлайди” деб номланган. Машҳур ҳайкалтарош Евгений Вучетич томонидан яратилган мазкур санъат асарининг баландлиги пойдевордан қиличнинг учига қадар 85 метрни, оғирлиги 8 минг тоннани ташкил этади. Бу ҳайкал баландлиги бўйича дунёда 5-ўринда қайд этилади.
Мажмуада, шунингдек, мотамсаро она ҳайкали, Сталинград жангининг муҳим элементлари акс этган монументлар, шаҳар мудофаасида қаҳрамонлик кўрсатганлар номи қайд этилган ёдгорлик лавҳалари ўрнатилган.
Халқаро медиа тур қатнашчилари мажмуадаги мангу олов ёниб турган майдонга гул қўйиб, Сталинград жанги қатнашчилари хотирасини ёдга олдилар.
Ғолиб Ҳасанов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари
Россия Федерацияси Волгоград шаҳри.