Бухоро вилоятининг Бухоро тумани марказий стадиони давлат бюджетидан ажратилган 5,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
“Замона монтаж таъмирлаш қурилиш” МЧЖ томонидан қурилган туман марказий стадионининг тантанали очилиш маросимида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Турдиев, Бухоро тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ҳалимжон Сафаров, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси ўринбосари Шуҳрат Очилов ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар қатнашди. Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшлар, аёллар ва, айниқса, болаларни спортга жалб этиш, уларнинг спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши учун замонавий шароитлар яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлашди.


–Спорт мажмуасида спортчилар ва мураббийлар учун барча шароит яратилган, – дейди туман ҳокими вазифасини бажарувчи Ҳалимжон Сафаров. – Бундай замонавий шароитда тобланган ёш спортчиларимиз, албатта, халқаро мусобақаларда янада улкан ютуқларни қўлга киритади.


Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган муҳим қарорлар ва дастурлар самарасида Ўзбекистон спортчилари жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришиб келмоқда. Биргина Бухоро туманини оладиган бўлсак, ушбу ҳудуддан етишиб чиққан дзюдо бўйича ёшлар ўртасида осиё чемпиони Тўлқин Турдиев, Анваржон Иброҳимов, таэквандо бўйича Ўғилой Ибрагимова, Зебо Аслонова, кураш бўйича Мансур Ғафуров ва бошқа ўнлаб спортчилар номини бугун ҳар бир туман аҳолиси фахр билан тилга олади.
Мажмуада қурилган спорт зали энг замонавий инвентарлар билан жиҳозланган, спортчи ва мураббийлар учун барча шароит яратилган. Эндиликда бу ерда бир вақтнинг ўзида 300 нафардан ортиқ ёш спорт билан шуғулланиш имконига эга бўлди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири