Бугун пойтахтимизда ташкил этилган матбуот анжуманида “STADA” компаниясининг 2025 йил якунлари ва келгуси вазифалари муҳокама қилинди.
Унда “STADA” компаниясининг Евросиё минтақасидаги вице-президенти Арминас Мацевичус, “Ўзбекистон-Қирғизистон” субкластери раҳбари Бахтиёр Ҳожимуҳамедов сўзга чиқиб, томонлар ўртасидаги ҳамкорлик, компаниянинг амалга оширган ишлари ва режалари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги энг муҳим тенденциялар ҳам алоҳида қайд этилди. 2024 йил декабрдан 2025 йил ноябргача бўлган даврда мамлакат бозори Евроосиё минтақасида етакчи мақомини сақлаб қолган ва шу билан бирга энг жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Ўзбекистонда “STADA” компаниясининг асосий мақсади беморлар ва шифокорлар учун даволашни қулай ва самарали ташкил этишдир. Бунинг учун у кундалик саломатлик учун рецептсиз ечимлар, женерик ва ихтисослашган препаратлар йўналишини ривожлантирмоқда.
Бахтиёр Ҳожимуҳамедовнинг таъкидлашича, ушбу стратегия доирасида компания биологик препаратлар йўналишини изчил ривожлантириб, беморлар учун замонавий терапия турларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
– 2024 йилда “STADA” ушбу йўналишда Ўзбекистонда энг биринчиларидан бўлиб, мамлакатда илк бор офтальмология учун биосимиляр синфидаги препаратни тақдим этди. 2025 йилда эса биз ривожланишни давом эттириб, онкология соҳасидаги ечимни олиб чиқдик. Ушбу препарат беморлар учун даволаш имкониятларини кенгайтиради ва шифокорларга қўшимча танлов воситасини тақдим этади. Биз ушбу препаратнинг бозорда мавжудлиги кўпроқ одамларнинг ўз вақтида зарурий даволашини таъминлашига умид қиламиз, – деди у.
Шунингдек, тадбирда мутахассислар 2025 йилда кардиология йўналишидаги позицияларини ҳам мустаҳкамлаганини таъкидлади. Уларнинг сўзларига кўра, “STADA” Ўзбекистон бозорида ривожланишни давом эттириш ва профессионал ҳамжамият билан ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА