Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент конференциясида белгиланган вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
– Биринчидан, у халқаро майдонда миллий манфаатларимизни илгари суриш борасида давлатимизнинг янги стратегик назарини акс эттирди. Илк бор ташқи сиёсатимизнинг янги йўналиши – Жанубий Осиё минтақаси устувор аҳамиятга эгалигини белгилади.
Иккинчидан, Тошкентда бундай ўта нуфузли халқаро тадбир ташкил этилиши ва муваффақиятли ўтказилиши сўнгги йилларда бутун дунёда таъсири тобора ортиб бораётган Янги Ўзбекистон пайдо бўлганининг ёрқин далилидир.
Анжуман ишида нафақат Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари мамлакатлари, шунингдек, дунёнинг энг йирик давлатлари иштирокини таъминлаш, балки уларнинг нуқтаи назарларини мувофиқлаштиришга муваффақ бўлинди. Бу камдан кам мамлакатлар уддала оладиган натижадир. Бунинг заминида Ўзбекистон Президентининг халқаро миқёсда катта обрў ва эътиборга эга замонамизнинг давлат арбоби сифатида эътироф этилгани ётади.
Анжуман ишида 40 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотларнинг 250 дан зиёд таниқли вакили иштирок этгани тадбирнинг нуфузини яққол кўрсатиб турибди. Эътиборлиси, давлат ва ҳукумат, ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари билан бирга тадбир ишида кўплаб мамлакатлардан келган парламент аъзолари ҳам қатнашди. Бу албатта, минтақалар давлатларида ҳокимият вакиллик органларининг тутган ўрни, шу жумладан, халқаро алоқа масалаларида тобора ортиб бораётганини намоён этди.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг янгиланган ташқи сиёсати туфайли сўнгги йилларда Марказий Осиёда юз берган туб ўзгаришларсиз ушбу анжуманни ташкил этиш имкони бўлмас эди.
Минтақамизда ўзаро ишонч ва муаммоларни биргаликда ҳал этишга интилиш юзага келди, ўзаро савдо ҳажми сезиларли даражада ўсди: ўтган 4 йил мобайнида Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан савдо айланмаси 5 баробар ошди. Вужудга келган янги сиёсий муҳит Марказий Осиё ва бошқа минтақалар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун шарт-шароит яратади.
Тўртинчидан, ўз навбатида бугун Жанубий Осиё янги қиёфага эга бўлмоқда. Унинг жаҳон иқтисодиётидаги роли ҳам ортиб боряпти. Бу ялпи ички маҳсулоти деярли 3,5 триллион долларни ташкил этувчи жадал ривожланаётган минтақадир. У жаҳоннинг иқтисодий марказларидан бирига айланмоқда.
Шу боис, конференция ғояларини амалга ошириш 2 миллиарддан ортиқ нуфусга эга, сайёрамиз хавфсизлиги ва барқарор ривожланишига катта таъсирга эга улкан макроминтақа ривожланишига кучли таъсир кўрсатади.
Буларнинг барчаси Президентимизнинг ушбу конференцияни чақириш ташаббуси ўта долзарблигидан ва у ўз вақтида амалга оширилганидан далолат беради.
Анжуман минтақада ва қўшни ҳудудларда тинчликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар очади.
Конференция якунида қабул қилинган минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнотда Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг умумий асосий тамойиллари шакллантирилган. Бу ҳукуматлар, парламентлар, тадбиркорлар, илм-фан ва маданият вакиллари ўртасида мунтазам алоқаларни кенгайтиришни назарда тутади.
Демак, анжуман мақсадларига эришиш парламент дипломатияси ресурсларидан фаол фойдаланишни талаб қилади. Парламент аъзолари минтақаларнинг салоҳиятини бирлаштиришга кўмаклашиши мумкин ва буни амалга ошириши керак.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференциядаги нутқида қайд этилган вазифалар ҳамда хулосаларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашиш барча сенаторларнинг вазифасидир.
Нурилло Насриев, ЎзА