Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спортни ривожлантириш вазири IKA раҳбарияти таркибидан жой олди
12:51 / 2022-11-25

Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида миллий спорт туримиз кураш бўйича навбатдаги Жаҳон чемпионати баҳслари бошланмоқда.

60 дан зиёд давлатнинг 400 нафарга яқин спортчилари иштирок этаётган чемпионатда Ризамат Солиев ва Дилфуза Раҳматова мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 7 нафар эркак ва 8 нафар аёл курашчилари ҳам медаллар учун баҳсларга киришади.

Кеча XIII Жаҳон чемпионати олдидан Пуна шаҳридаги Рамада меҳмонхонасида Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)нинг навбатдаги конгресси ўтказилди.

Конгрессда IKA таркибидаги 70 га яқин давлатнинг кураш федерациялари вакиллари, қитъавий конфедерациялар раҳбарлари, IKA ижроия қўмитаси аъзолари иштирок этди.

IКА президенти, Осиё олимпия кенгаши Осиё ўйинлари бош директори Ҳайдар Фармон бошқариб борган конгрессда 20 га яқин масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) фахрий биринчи вице–президенти лавозимига сайланди, дея хабар бермоқда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати баҳсларига 26 ноябрдан старт берилади. Мусобақалар 28 ноябрга қадар давом этади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА