Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Андижон вилояти спорт бошқармаси мутасаддилари, спорт мактаблари директорлари ҳамда спорт федерациялари раҳбарлари иштирок этган йиғилишда вилоятда спортни, спорт майдонлари ва инфратузилмасини янада ривожлантириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, соҳада рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ишлар, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларининг минтақавий ва ҳудудий босқичларида эришилган натижалар таҳлил қилинди. Олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларни спортга янада кенгроқ жалб этиш, ютуқ ва натижалар салмоғини юксалтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Мамлакат, халқаро миқёсдаги спорт мусобақаларида андижонлик спортчилар муносиб иштирок этмоқда, - дейди Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов. – Натижалар яхши, лекин бундан-да юқори натижаларга эришиш учун мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланишимиз, ёшлар спорти ривожига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир.

Йиғилишда спорт инфратузилмасини яхшилаш, соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, ёш спортчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда халқаро майдонда Ўзбекистон спортининг нуфузини ошириш муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
Якунда вилоятда спортни янада ривожлантириш бўйича келгусида амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари