Дунёда давлатларнинг, халқларнинг жаҳон тамаддунидаги мавқеи иқтисодий, ижтимоий, сиёсий куч-қудрати, миллий-маданий мероси, географик жойлашуви билан бир қаторда жисмоний тарбия ва спортдаги кўрсаткичлари, халқ саломатлиги, оммавий мусобақаларга аҳолининг эътибор ҳамда қизиқиши билан белгиланади.
Сир эмас, бугун халқаро майдонда спорт ҳаракати, олимпия медаллари учун “кураш пойгаси” ҳар қачонгидан ҳам ўзгача ва шиддатли кечмоқдаки, бунинг ортида халқ саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, энг аввало, давлат довруғини, унинг интеллектуал салоҳиятини кўрсата олиш, мамлакат қудратини халқаро майдонда мустаҳкамлашга қаратилган.
Америка Қўшма Штатлари, Хитой, Жанубий Корея, Германия ёки яқин йиллардан эътиборан халқаро спорт оламида “борлигини” кўрсата бошлаган Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, олис Африка давлатлари ҳам бу йўлда етакчиликка эришиш, улар сафидан тушиб кетмаслик ёки шу қаторга қўшилиш ҳаракатида доимий тарзда изланишлар олиб бормоқда. Албатта, уларнинг ҳар бирида жисмоний тарбия ва спорт тараққиёти ўзининг бошқаларга ўхшамаган қутбларига, эврилишларга ҳамда стратегик мақсадларига эга.
Агар шу тамойиллардан келиб чиқилса, Ўзбекистон спортининг тараққиёт йўли биз эътироф этиб келадиган 30 йиллик ёинки собиқ иттифоқ даври билангина чекланиб қолмайди. Унинг ривожланиш, дунё спорт ҳаракати билан уйғунлашиш жараёнлари узоқ ўтмишга бориб тақаладики, биз кўп ҳолларда ХХ аср нарисидаги “спорт ҳаракати”нинг аждоди бўлган халқ ўйинлари, алоҳида беллашувлар, ўша даврлардаги давлатлар, эллар ўртасидаги мусобақалашишларни негадир эсламаймиз.
Давлатимиз раҳбари бундан уч йилча муқаддам катта бир анжуманда дунёдаги барча халқлар, давлатлар ўз тарихини улуғлаши, лекин бизнинг мамлакатимиздагидек бой тарих, ҳали ўрганилмаган жабҳалари кўплиги, унинг барча бўғинларини таҳлил этиш, дунё ҳамжамиятига янада кенгроқ бу ҳақда етказишимиз лозимлигини айтиб ўтганди.
Ўша ўрганилмаган жиҳатимиздан бири айнан ўтмишда халқимизнинг жисмоний фаоллиги, мусобақалар ташкил этганлиги, турфа хил халқ ўйинларини яратганлигидир.
Биргина Ибн Сино, Паҳлавон Маҳмуд ёки Амир Темур бобомиз мисолида бу жиҳатларни англаш мумкинки, бугун Янги Ўзбекистоннинг янги юксалиши бўйича ишлаб чиқилган тамойиллар, Учинчи Ренессанс ғоясининг илгари сурилиши туб негизида ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўғрилган.
Президентимиз раислигида 23 май куни спортни оммалаштириш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш чора-тадбирлари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида соҳадаги муҳим вазифалар белгиланди.
Айтиш лозимки, юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш йўналишида 2022 йил давомида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та Фармони, 5 та қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 3 та қарори ишлаб чиқилди.
Нега буни айтаяпман? Спорт соҳасига тегишли хужжатлар мамлакатимиз тараққиётини, халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлашга, аҳолини фаол турмуш тарзига йўналтиришга хизмат қилиши билан шаҳару қишлоқларимиз, гузарлар ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилашга, миллат генофондини соғломлаштиришга қаратилганки, бу жамиятнинг барча бўғинларига янги об-хаво олиб киришига замин яратади, деганидир.
Видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Бунда умумреспублика спорт мусобақалари “туман – вилоят – республика” занжири асосида ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Айни йўналишнинг жорий этилиши учун юртимизда барча зарур воситалар, молиявий манбалар аллақачон яратилган. Фақат бундан унумли ва самарали фойдаланилмоғи лозим. Зотан, сўнгги беш йилда давлатимиз томонидан спортни ривожлантиришга қарийб 4 триллион сўм йўналтирилиб, 118 та янги йирик спорт объекти фойдаланишга топширилган ва 110 та объект реконструкция қилинган.
Шундай бўлса-да, ўтган давр мобайнида соҳада кадрлар қўнимсизлиги, белгиланган вазифалар ижросига юзаки қараш, илғор тажрибалар жорий этилмаслиги оқибатида спортдаги натижалар яратилган шароитларга мос бўлмади.
Республикадаги 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 190 тасида 36 та олимпия спорт туридан бор-йўғи 10 таси ўргатилади. Нега шундай? Бугун юртимиз спортчилари ўтган 7-8 та олимпия ўйинларида қўлга киритган 34 та совринли ўринларни таҳлил этганда жойлардаги, айниқса, вилоятларда ўтказилаётган мусобақаларга давлат бюджетидан белгиланган маблағларнинг 50 фоизи, айрим ҳолларда тўлиғича ноолимпия спорт турларига йўналтирилган. Агарки, улар миллий спорт турларимиз тараққиётига сарфланганда ҳам бошқа гап эди.
Маълумки, миллий спорт турларимиз, хусусан, курашни спорт турига айлантириш, уни халқаро майдонга олиб чиқиш учун чет мамлакатларда ўтказилаётган тадбирлар тўлиғича давлатимиз томонидан молиялаштирилади. Бу ўзлигимиз, қадриятларимиз тарғиботи учун муҳим масаладир. Шу саъй-ҳаракатлар туфайли кураш Осиё ўйинлари мақомига кўтарилди. Бугун беш қитъанинг 130 га яқин мамлакатига кураш Ўзбек спорти сифатида кириб борди.
Лекин, таассуфки, биз шундай ишларни амалга ошираётганимизда юртимизда халқимиз ризқи бўлган давлат маблағлари ҳисобидан бошқа мамлакатларнинг миллий ўйинларини ёки 2-3 та давлатда бор бўлган спорт йўналишларини давлат маблағлари ҳисобидан ривожлантириш, мусобақалар ўтказиш ҳоллари учраб турибди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, шундай спорт йўналишлари юртимизда 34 тани ташкил этади.
Албатта, Ўзбекистонда ҳар қандай спорт турини ривожлантиришга, бу орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга, мусобақалар ўтказишга барчамиз хайрихоҳмиз. Бироқ, бундай спорт турлари бўйича мусобақалар, тадбирлар ташаббускорлик, ҳомийлик, ташқи маблағлар эвазига ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган 9 та олимпия спорт тури бўйича беш босқичли мусобақалар жорий этилганлиги ёшларнинг спорт билан қамрови 1,3 баравар ошишига, тизимли шуғулланувчилар сони 520 минг нафарга етишига хизмат қилади. Маҳаллаларда мусобақаларнинг апрель-июнь, сентябрь-декабрь ойларида ташкил этилишига эришиш эса иқтидорли ёш спортчиларни танлаш имкониятини янада оширади. Қолаверса, белгиланган мазкур иккита мавсум терма жамоаларда авлодлар алмашинувига ҳам мос келади.
Шу ўринда айтиш жоиз, терма жамоаларимизнинг халқаро мусобақаларда қатнашиши учун барча ташкилий ва молиявий шароитлар яратиб берилаётганига қарамай, олимпия спорт турлари бўйича қитъа ва жаҳон чемпионатларида йил давомида атиги 5-6 нафардан совриндор чиқаётганлигининг туб сабаби 6 та олий спорт маҳорати мактаби, 32 та олимпия спорт федерацияси олимпия захиралари коллежлари билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигидадир.
Дарҳақиқат, олимпия коллежларидаги ахвол ҳам федерация ва спорт мактабларидаги ҳолатдан деярли фарқ қилмайди. Улар ўртасида “занжир”нинг йўқлиги, селекция ишларининг белгиланган тартибда олиб борилмаганлиги оқибатида мавжуд муммоларга рўбарў келиб турибмиз.
Президентимиз кўрсатиб ўтганидек, олимпия коллежларидаги 9 мингга яқин спортчиларнинг 21 фоизи миллий терма жамоага кира олгани соҳадаги ишларни тубдан янгилаш лозимлигини англатмоқда.
Шу боис, спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилиниши бугунги куннинг муҳим вазифаси эканлигини вазият тақозо этмоқдаки, бунда сўзсиз оммавий спортни ривожлантириш, энг аввало, маҳалла-туман кесимидаги қуйи босқич мусобақаларига эътибор қаратиш, жойлардаги мураббий ва мутахассислар малакасини ошириш, халқаро илғор тажрибаларни кенг жорий этиш борасида комплекс лойиҳалар ишлаб чиқилади.
Бунда, айтиб ўтилганидек, хорижий мамлакатларнинг спорт ҳаракатига илк босқичдаги эътиборини ўрганиш, юртимиз спортининг ривожланиш тамойиллари қадим тарихимиз билан чамбарчас боғлиқлигига эътибор бериш, ушбу жиҳатларни таҳлил этиш асносида Янги Ўзбекистоннинг янги юксалиши, учинчи Ренессанс ғоясининг пойдеворини мустаҳкамлашга замин бўлиши шубҳасиз. Айни тизимнинг самарали фаолият кўрсатиши келажакда халқимизнинг саломатлик даражасини оширишга, олимпия ва қитъа ўйинларида, жаҳон чемпионатларида Ўзбекистон байроғи янада юксалишига, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ошишига хизмат қилади.
Адҳам ИКРОМОВ,
Спортни ривожлантириш вазири.
ЎзА