Фахрийларни эъзозлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш халқимизга хос бўлган азалий қадриятларимиздан бири саналади.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ватанимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами — Мустақиллик куни арафасида бир гуруҳ спортимиз фахрийларига эҳтиром кўрсатилди.
Катта ҳаёт тажрибаси, билими ва матонатли меҳнати билан мамлакатимиз спорти ривожига ҳисса қўшган бир гуруҳ спорт фахрийларига мукофотлар топширилди.
—Авваллари спорт жамоаларимиз учун халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан иштирок этишнинг ўзи кифоя деган қараш устувор эди. Кейинги 5-6 йил оралиғида вазият тубдан ўзгарди. Юртимиз спортчилари деярли ҳеч бир мусобақадан совринсиз келмаяпти. Бу анъана тусига кирди. Оловқалб чемпионларимиз нуфузли мусобақаларда маррани баландроқ олишдики, эндиликда дунёнинг мана-ман деган давлатлари спортчилари ҳамюртларимиз билан майдонга чиққанда рақиби Ўзбекистон спортчиси эканлигидан ҳадиксирайди.
Бокс, дзюдо, таэквондо, кураш ва бошқа яккакураш турлари бўйича халқаро мусобақаларда эришаётган натижаларимиз ортидан футбол бўйича ёшлар терма жамоаларимиз кўрсатаётган ўйин услуби, волейбол, гандбол жамоаларимизнинг қитъа майдонларидаги ҳаракатлари янги ғалабаларимиз бундан ҳам кўп бўлишини англатмоқда. Бундан ташқари, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни кашф этиш бўйича юртимизда ўтказилаётган ички мусобақалар савияси ошгани спорт билан шуғулланиш, унга қизиқиш Ўзбекистонда умумхалқ ҳаракатига айланиб бораётганидан далолат, — дейди фахрий футболчи Биродар Абдураимов.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, оғир атлетика бўйича кўплаб чемпионатлар ғолиби Эркин Каримов, фахрий спорт шарҳловчиси Азим Алимов, ўнлаб жаҳон чемпионларига устозлик қилган Омон Тоймуродов, Ўзбекистон олимпия ҳаракати ривожи йўлида узоқ йиллар хизмат қилган Игорь Барабан ва бошқалар янги ғалабалар қўлга киритилаётган ютуқларда ёрқинроқ акс этаётганини таъкидлади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА