“Маҳалла” хайрия жамоат фонди аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида спорт ва соғлом турмуш тарғиботини олиб бориш билан бир қаторда, фонднинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ишчи-ходимлари ўртасида турли спорт мусобақаларни ташкил этишга ҳам эътибор қаратмоқда.
Наманганда “Маҳалла” фонди вилоят ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, шунингдек, “моҳир ҳужумчи” ва миллий ўйинлардан иборат мусобақалар бўлиб ўтди. Олимпия тизимида бўлиб ўтган мусобақаларда қуръа асосида рақиблар аниқланди. Шахмат ва шашка ақлни, хотиржамликни шакллантирса, куч синашиш бақувватликни, дартс омадни, стол тенниси ва футбол чаққонликни талаб қилади. Буларнинг мужассамлиги эса мусобақа иштирокчиларининг ҳам ақлий, ҳам жисмоний ривожланишига хизмат қилади.

– Инсон жамиятда қадр топиши учун аввало, билимли ва соғлом бўлиши керак, бу икки муҳим жиҳатга устуворликда спортнинг аҳамияти катта, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими раиси Аҳмаджон Мукаррамов. – Ходимларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Бунинг учун бўлимларимизда етарли шароитлар яратиб берилмоқда. Мақсадимиз тизимда “Соғ танда – соғ ақл” нақлига риоя қилиш, ҳамкасбларимизни спортга доимо ошно бўлишларига эришишдир. Мусобақаларнинг шахмат турида Янгиқўрғон тумани, шашкада Мингбулоқ тумани, стол теннисида Учқўрғон тумани, дартсда турида Поп тумани, “моҳир ҳужумчи” беллашувида Уйчи тумани ходимлари ғолиб бўлди. Ғолибларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА