Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спортдаги устувор режалар таҳлил этилди
10:30 / 2025-10-07

Ортда қолган 9 ой мобайнида мамлакатимиз спортчилари ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатлари билан бир қаторда, халқаро турнирлар, Универсиада ўйинларида муносиб натижаларга эришди.

Боксчиларимизнинг Ливерпулда ўтган жаҳон чемпионатидаги иштироки, ёш дзюдочиларимизнинг Болгариядаги жаҳон биринчилигида умумжамоада 1-ўринни эгаллагани, шахмат, оғир атлетика, таэквондо, футбол, гимнастика, енгил атлетика, кураш, пара спорт турлари каби йўналишларда юксак натижалар қайд этилгани ўтаётган йил мамлакатимизнинг оловқалб спортчилари учун ҳар доимгидан-да муваффақиятли давом этаётганини кўрсатмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистон спорт делегацияси Озарбайжонда ўтаётган III МДҲ ўйинларида 23 та спорт турида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.

"Олимпия шаҳарчаси"да Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, спорт федерациялари ҳамда ассоциацияларининг масъуллари билан истиқболли режалар юзасидан ўтказилган учрашувда йил давомидаги мусобақалар, қайд этилаётган натижалар, олдиндаги мусобақаларга тайёргарлик масалалари таҳлил этилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон спорт делегациясининг шу кунларда Озарбайжонда ташкил этилаётган III МДҲ ўйинларидаги иштироки танқидий кўриб чиқилди.

Суҳбат жараёнида ҳар бир спорт тури бўйича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Шунингдек, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Баҳрайнда ёшлар ўртасида ўтказилиши кутилаётган III Осиё ўйинлари, Саудия Арабистонида бўладиган Ислом бирдамлик ўйинларига тайёргарлик ҳолати, ўтаётган ўқув-машғулот йиғинлари, ҳар бир спортчининг руҳий ва жисмоний ҳолати борасида фикр-мулоҳазалар тингланди.

Учрашувда спорт федерацияларининг “Олимпия шаҳарчаси”даги жойлашув масаласи хусусида ҳам сўз борди.

Суҳбат якунида ҳар бир йўналиш, режадаги мусобақалар борасида масъулларга аниқ вазифалар юкланди. Тегишли қарорлар қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, "Баҳрайн-2025" ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари 22-31 октябрь кунлари ўтказилса, Ислом бирдамлик ўйинлари 7- 21 ноябрь кунлари Ар-Риёдда ташкил этилади.

Т.Рўзиев,

ЎзА