Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган «Устоз ва мураббийлар куни»га бағишланган тадбир чинакам маънода самимият ва миннатдорлик руҳи билан йўғрилди.
Мазкур тадбирга тўпланган устозлар, мураббийлар ва ёшларнинг юзи қувончу ифтихордан ёришди. Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, Миллий Олимпия қўмитаси вилоят бўлими ижрочи директори Баҳодирхўжа Эшонов ҳамда марказ директори Ифтихор Ўроқовлар сўзга чиқиб, устоз ва мураббийларни самимий табриклашди ва спорт соҳасида эришилаётган ҳар бир натижа ортида уларнинг меҳнати, сабри ва меҳри борлигини алоҳида таъкидлашди.


Тадбир давомида бир гуруҳ устоз ва мураббийларга миннатдорлик рамзи сифатида ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.


Байрам муносабати билан, Спорт вазирининг тегишли буйруғига асосан, сирдарёлик икки нафар фидойи мураббий «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланишди. Улардан бири Ширин шаҳар спорт мактабининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция ишлари бўйича директор ўринбосари Шерзод Омонликов, иккинчиси эса Сардоба тумани спорт мактабининг волейбол бўйича мураббийи Икром Маматқуловдир.Бу номлар кўпчиликка яхши таниш, чунки уларнинг шогирдлари юртимиз спорт шарафини турли майдонларда муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА