Сирдарёда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раислигида спорт таълим муассасаларида мураббийлар фаолияти, машғулотлар сифати ва селекция ишлари ҳолати юзасидан ўтказилган йиғилиш жиддий ва танқидий руҳда бўлди.
Йиғилишда вилоят раҳбари кеча тунда спорт бошқармаси бошлиғи билан боғланиб, «Нега сузиш ҳавзаси ишламаяпти?» деган саволга «Ишлаяпти» деган жавоб олгани, аммо натижа кўринмаётгани эътироф этилди. «Шароит бинода, аммо натижа йўқ. Демак, муаммо бинода эмас, муаммо раҳбарда ва раҳбарнинг иш услубида», – деди Эркинжон Турдимов.

Йиғилишда таъкидланганидек, сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ёшларни спортга жалб этиш учун давлат томонидан кенг имкониятлар яратилганига қарамай, маҳаллий спорт муассасалари бу имкониятлардан самарали фойдаланмаяпти. Айниқса, қамров, машғулот сифати ва натижадорлик орасида жиддий номутаносиблик мавжуд.

2025 йил якуни бўйича таҳлиллар шуни кўрсатдики, спорт мактабларида машғулотларга қатнашувчилар сони кескин камайган. Жумладан, Гулистон шаҳар спорт мактабида қисқа муддат ичида 670 нафар бола спортдан четлашган. Ховос ва Боёвут туманларида ҳам шу каби салбий кўрсаткичлар қайд этилган. Вилоят ҳокими бу ҳолатни «спортга эмас, ҳужжатбозликка ишлаш оқибати» сифатида баҳолади.
Йиғилишда айрим мураббийлар машғулотларни формал ўтказиши ва болаларнинг қатнашмаслигига бепарволик билан қараши ҳам очиқ танқид қилинди. Эркинжон Турдимов мисол келтириб шундай деди: «Кикбоксинг спорт тури бўйича 12 нафардан 6 нафар бола иштирок этяпти, футболда 20 нафардан 10 нафар, боксда эса 13 нафардан 5 нафар. Энг ачинарлиси, Ховос туман 1-сонли волейбол мураббийси Маматов белгиланган режага мувофиқ машғулотларни умуман ўтказмаган. 12 йилдан буён раҳбар алмашади, аммо аҳвол ўзгармайди».

Сохта ҳисоботлар ҳам жиддий танқид остига олинди. Ховос тумани 2-сонли спорт мактабида машғулотларга келмаган ўнлаб болалар расмий ҳужжатларда иштирок этган каби кўрсатилган. Эркинжон Турдимов бу ҳолатни «спорт соҳасига хиёнат» деб баҳолади ва масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, кўплаб мураббийлар йиллар давомида миллий чемпионат ва кубокларда совринли ўрин эгалламаган, миллий терма жамоага спортчи етказиб бермагани ҳам айниқса танқид қилинди. Олимпия спорт турлари бўйича шароит мавжуд бўлишига қарамай, айрим шаҳар ва туман спорт мактабларида муҳим турлар йўлга қўйилмагани ёш иқтидорларни йўқотишга олиб келмоқда.
Мураббийлар малакасини ошириш масаласи ҳам жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Вилоят бўйича 80 нафардан ортиқ мураббий ҳалигача малака тоифасига эга эмас. Вилоят ҳокими бу ҳолатни спорт бошқармаси томонидан назоратсизлик ва талабчанлик етишмаслиги сифатида баҳолади.
Йиғилиш якунида Эркинжон Турдимов ҳар бир мураббий фаолиятини натижа асосида баҳолаш, сохта ҳисоботларга барҳам бериш, селекция ишларини маҳалладан бошлаб тизимли йўлга қўйиш ва спорт соҳасида иш услубини тубдан ўзгартириш бўйича аниқ топшириқлар берди.
– Ҳеч бир ота-она фарзандим шунчаки шуғуллансин, банд бўлиб турсин деб боласини спортга бермайди. У фарзандини тарбиялайди, ундан яхши спортчи чиқсин деб умид қилади. Бола тарбияланса, юқори натижага эришади. Юқори натижага эришган ёш спортчи жамият учун муҳим шахс ҳисобланади. Энди буёғига хар сешанба кунги муҳокама йиғилишида спорт мактабларининг раҳбарлари иштирок этади ва натижалар муҳокама қилинади», – деди вилоят ҳокими йиғилиш сўнггида.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири