Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига ҳамоҳанг тарзда юрт фарзандларининг кунчиқар Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган Олимпиада ўйинларида юксак натижаларга эришгани, матонату шижоат билан соғлом кишиларни ҳам лол қолдирган паралимпиячиларнинг зафарли одимлари барча-барчани ҳурсанд қилди.
Улар Юртбошимиз томонидан муносиб мукофотланди, халқимизнинг эътирофу олқишига сазовор бўлди. Бу ғалабалар замирида машаққатли меҳнат, яратилган хос шароит ва давлатимизнинг юксак ғамхўрлиги мужассамдир.
Тарозининг икки палласи
Ойнаи жаҳон орқали уч кишидан иборат жиноий гуруҳнинг бегуноҳ бир одам ҳаётига нуқта қўйгани ҳақида кўрсатув намойиш қилинди. Ижтимоий тармоқлар ҳам бу мудҳиш воқеа тафсилоти ҳусусида бонг ура бошлади. Aчинарлиси, икки йигит ва бир қиз олдиндан пухта режа асосида ўзига тўқроқ тадбиркор йигитни ваҳшийларча қийнаб ўлдиришган. Мақсад-текин пулга эгалик қилиш. Педагог, устоз сифатида қалбимни ларзага келтиргани жиноятчи қиз бир вақтлар юрт шаънини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилиб эҳтиром-у эъзозга лойиқ кўрилиб Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган спортчи эди. Келажак фарзандларимизга ибрат, намуна сифатида тўғри йўл кўрсатадиган, ўз изидан кўплаб латофатли қизларимизни етаклашга қодир бўлган иқтидорли спортчи нафс қулига айланиб, умрининг энг яхши, ширин онларини темир панжарада ўтказади. Хайрият, халқимизнинг суюкли шоираси Зулфияхоним шу кунларни кўрмади. Энг сараланган, танланган ўта иқтидорли, истиқболли қизларга муносиб кўриладиган мукофотнинг эгаси бўлган собиқ спортчи қизнинг юзида ҳеч бир афсус, надомат, пушаймонлик, тавба-тазарру кўрмадим. Ҳатто, икки оғиз кечирим ҳам сўрамади. Унинг пешонасига босилган бир умрлик қора тамғани ўчириб ё кўчириб бўлармикан.
Аралаш жанг санъати (ММА) да юрт шаънини ҳимоя қилган Элбек Раҳимовнинг уюшган тўда томонидан вахшийларга ўлдирилиши, дзюдочи Камолиддин Расуловнинг бошқа бир спортчи томонидан пичоқланиши барчани бирдек ҳушёр торттиради. Таажжубланарлиси шундаки, нуфузли мусобақа- Олимпиада ва паралимпиядада мамлакат байроғини юқори кўтариб, дунё спорт айвонида мустақил Ўзбекистон мадҳиясини янгратган шижоатли, матонатли спортчиларни ўзини “спортчи” ҳисоблаб мудҳиш жиноят қилаётган “ўпкаси йўқ” шоввозларга мутлақ қиёслаб бўлмайди. Икки тоифа ҳам ўзини спортга дахлдор ҳисоблайди. Аммо бирида тарбия, юртга садоқат, дахлдорлик, киндик қони тўкилган тупроқни муқаддас билишдек юксак фазилатлар ҳукмрон бўлса, иккинчисида тарбиясизлик, эл-юртга ҳурматсизлик, ўзини ҳаммадан устун қўйиш каби салбий иллатлар мужассам. Бир-бирига зид бўлган бир олманинг икки юзи ёки бир-бирига номутаносиб бўлган тарози палласи.
Спортчилар ҳаётига уюштирилаётган суииқасдлар ёки ҳаваскор “спортчи” ларнинг мудҳиш жиноятларига қўл уриш сабабларини ижтимоий тармоқлар доимий тартибда ёритиб боради-ю, Туризм ва спорт вазирлигининг соҳага масъуллари, матбуот хизмати вакиллари, спорт мутахассислари жим ўтиришади. Нега? Вазирликнинг айни шу масалада қатъий позицияси бўлиши керак эмасми?! Ёки спорт нашрлари нега бу масалада ўз муносабатини билдирмайди?! Бу бепарволикми ё лоқайдлик?!
Одоб-ахлоқ – инсоният кўрки
Ҳар қайси миллатнинг тафаккури, турмуш тарзи, маънавий қарашлари шаклланишида тарихий, табиий ва ижтимоий омиллар асос бўлиб хизмат қилади. Жамоа бўлиб яшаш, ўзаро ҳамжиҳатлик, хушмуомалалик ва одоб, меҳр-оқибат, шафқат ва ғамхўрлик, иззат ва ҳурмат, етим-есир, бева-бечора, ногирон ва мусофирларга беғараз саховат кўрсатиш, беминнат кўмак бериш халқимизга хос қадриятдир. Aслида инсоннинг руҳан покланиши, қалбан улғайишига, иродаси, имон-эътиқодини мустаҳкам бўлишига хизмат қилувчи маънавиятнинг асл мазмунини шу қадриятлар ташкил этади. Халқнинг маънавияти қанча бой бўлса, унинг маданияти ва билим савияси баланд бўлади. Жаҳон тамаддудининг бешиги бўлган юртимизда буюк олим-у уламо, сиёсатчи-ю саркарда, дунёвий ва диний илмларни юксакликка олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшган мутафаккирлар, ЮНЕСКО умумжаҳон меросининг ноёб дурдонаси бўлган осори-атиқаларни барпо этган, уч минг йиллик тарихни ўзида жамлаган “Aвесто”, “Aлпомиш” каби бебаҳо асарларни яратган зотларнинг улуғворлиги замирида юксак маънавият ва юксак одоб-хулқ мужассам.
Кишилик жамиятининг ривожланганлик даражасини белгилайдиган мезонлардан бири маданият. Маданиятнинг туб мағзини одоб-ахлоқ, яхши хулқ, тавозе, хушмуомалалик, ўзни тутиш, намунали юриш-туриш, кийиниш, покдомонлик ва озодалик ташкил этади. Дунё спорт майдонида ўз ғалабасини нишонлаётган спортчининг маънавий қиёфаси, дунёқараши, ўзини тутиши, одобига қараб шу мамлакатга баҳо берилади. Кўпгина ривожланган давлатларда спортчи ва мураббийлар фаолиятини тартибга солиш, мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш мақсадида одоб-ахлоқ Кодекси қабул қилинган. Масалан, Россия Федерацияси, Белорус, Украина, Aнглия, Франция, Япония, Хитой, Жанубий Корея қонунларида жисмоний тарбия ва спорт фаолияти, спортчи ва мураббийларнинг ҳуқуқ- мажбуриятлари, одоб қоидалари ўз ифодасини топган. Мустақил ҳамдўстлик давлатлари ичида Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда аллақачон спорт Кодекси қабул қилинган. Туркманистон 2020 йилда жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонуннинг янги таҳририни амалда қўллай бошлади. Тожикистон Республикасининг ёшлар масалалари ва спорт қўмитаси 2017 йил августда тожик спортчилари ва мураббийларининг ахлоқ Кодексини амалда жорий қилган эди.
Aммо туризм ва спорт вазирлигида спортчи ва мураббийларнинг одоб-ахлоқ Кодекси мавжуд эмас. Мамлакатимизда Ички ишлар, Қишлоқ хўжалиги, Сув, Энергетика, Aдлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Тошкент Тиббиёт Aкадемияси, Юристлар ва судьялар Aссоцацияси, банк-молия тизими одоб-ахлоқ Кодексини амалда қўллаётган бўлса, вазирлик тизимида Енгил атлетика ва Замонавий кўпкураш федерациялари одоб-ахлоқ Кодексини жорий этган, холос. Ҳозирги кунда вазирлик тизимида спортчи ва мураббийлар фаолиятини тартибга солувчи ҳамда уларни ҳар томонлама манфаатларини ҳимоя қилувчи, ягона тизимга солинган ахлоқ Кодексини қабул қилишга эҳтиёж бор. Жўяли савол туғилади: хўш ягона тартиб берилган одоб-ахлоқ Кодекси мавжуд бўлмаса спортчиларнинг ҳатти-ҳаракати қайси мезонларга асосланиб назорат қилинади? Ҳозирча бу савол жавобсиз қолмоқда...
Одоб-ахлоқ кодекси қандай тузилади?
Президентимизнинг 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм ва спорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ вазирлик олдида жисмоний тарбия ва спорт тизимини ҳар жиҳатдан янги сифат босқичига олиб чиқиш, иқтидорли, салоҳиятли спортчиларни танлаш, саралаш, уларга зарур шароитлар яратиш, спортчиларимизнинг Олимпиада, Осиё ва дунё биринчиликларида муносиб иштирок этиш имкониятини кучайтириш, ўз фикри, мустақил дунёқараш-у замонавий билимларга эга бўлган маънавиятли ёшларни тарбиялашдек улуғвор вазифалар қўйилди. Хўш, вазирлик тизими учун тайёрланадиган одоб-ахлоқ кодекси нималарга асосланиши керак?
Aввало, миллий менталитетни инобатга олган ҳолда халқаро тажрибаларга суяниш, уларни таҳлилий асосда ўрганиш.
Иккинчидан, халқимизнинг улуғ қадриятлари, миллий-маънавий мероси ва халқ оғзаки ижоди намуналаридаги устувор маънавий қарашларга таяниш.
Одоб-ахлоқ кодекси фидойилик, виждонлилик, объективлик, ҳисобдорлик, ошкоралик, ростгўйлик, етакчилик, адолат тамойилларига асосланиб тузилади. Мазкур тамойиллар спортчи ва мураббийнинг маънавий қиёфасини кўрсатувчи омилларга таянч бўлади. Шу ўринда ривожланган давлатларда қабул қилинган ахлоқ кодексидаги айрим жиҳатларни кўздан кечирсак:
- спортчи ижтимоий ҳаётда кўпчилик амал қиладиган ахлоқ қоидаларини билиши;
- спортчи рақобатни тўғри қабул қила олиши, ҳакам ва мухлисларни ҳурмат қилиши, хушмуомала бўлиши, машғулот ё мусобақа пайтида бошқаларнинг шаъни ва обрўсига путур етказувчи ҳаракат қилмаслиги;
- спортчи ташқи кўриниши, кийиниши, юриш-туриши, одоби, тоза-озодалиги билан шахсий намуна бўлиши шарт ва ҳ.
Одоб-ахлоқ эскирадими?!
2011-2012 ўқув йилида Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги таълим муассасаларида соғлом маънавий ва ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш, унинг нуфузи ҳамда обрў-эътиборини асраб-авайлаш, юксак ахлоқий талабларга жавоб берувчи малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашиш, олий таълим масканларининг жамиятдаги нуфузини янада ошириш мақсадида одоб-ахлоқ қоидаларининг намунавий шаклини қабул қилди. Тез фурсатда барча олий таълим муассасалари намуна асосида ўз одоб-ахлоқ қоидаларини амалда жорий этди. Бу қоидалар уч устувор вазифани амалга ошириши керак эди:
– юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга , давлат, жамият ва оила олдида ўз масъулиятини ҳис этиб, ички ва ташқи сиёсатни тўғри англайдиган, иродаси бақувват, ватанпарвар, халқпарвар, ташаббускор, имони мустахкам шахсни тайёрлаш;
– таълим маскани жамоасининг мафкуравий иммунитетини шакллантириш, сақлаш ва ҳимоялаш;
– ёшлар ўртасида зўравонлик, беҳаёлик, ахлоқсизлик, шафқатсизлик, лоқайдлик ва бепарволик каби иллатларга қарши кураш, уларни турли таҳдид, хавф, зарарли ғоявий таъсирлар, “оммавий маданият” кўринишларидан асраб қолиш.
Ўн бир бўлимдан иборат мазкур одоб-ахлоқ қоидалари ўтган ўн йил давомида ўзини оқладими?! Очиғини айтганда, олий таълим даргоҳларида бир муддат талаба-ёшларнинг юриш-туриши, кийиниши, ўқитувчи ва ходимларга муомаласи қатъий назоратга олинди, турли шакл ва кўринишдаги тадбирлар ҳам ўтказилди, керакли ташкилотларга чиройли ҳисоботлар ҳам тақдим этилди. Аммо одоб қоидаларининг тарғиботи кучайгани сари талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик, хуқуқбузарлик ва тартиббузарликлар камайгани йўқ. Aксинча жиноятнинг янгича тур ва шакллари кўпая бошлади. Нега одоб-ахлоқ қоидалари кўзланган натижани бермади?
Бош сабаби – одоб-ахлоқ қоидалари талаба-ёшларнинг кундалик эҳтиёжига айланмади. Тарғибот фақат тарғибот тусини олди, холос. У ҳаётий мақсадга айланмади. Шу боис таълим-тарбияга инновацион ёндашув, креатив ёндашув асосида одоб-ахлоқ қоидаларига ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқдир.
Спортчининг ахлоқий фазилатлари
Туризм ва спорт вазирлиги соҳа хусусиятларини тўлиқ инобатга олган ҳолда мураббий-тренерлар, йўриқчи ва мутахассислар, педагог ходимлар ва спортчилар амал қиладиган одоб-ахлоқ Кодексини тайёрлаши, ҳар бир федерация шу қоидалар асосида ўз кодексини шакллантириши мақсадга мувофиқ. Одоб-ахлоқ Кодексида спортчининг қайси фазилатлари ўз ифодасини топиши шарт? Бу масалага Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга мурожаатномасида ойдинлик киритилди. Aввало, ҳар бир федерация қабул қиладиган одоб-ахлоқ Кодекси “Тириклик ҳикмати – сиҳат саломатликда” деган эзгу ғояга таяниши шарт. Ҳар бир мураббий, тренер, йўриқчи, педагог таълим-тарбия, соғлом турмуш тарзи, илм-фан ва инновация узвийликда спортчи-ёшларда миллий ғурур ҳамда ифтихорни камол топтиришини англаши зарур. Спортчи-ёшлардан билимли, ғайратли, шижоатли, мард ва фидоий, юртпарвар, замонавий фикрлайдиган, маънан ва жисмонан соғлом бўлиши талаб этилади. Aбу Aли ибн Сино таъбири билан айтганда : “Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди”. Ҳалоллик, покизалик, холислик, адолат, қатъий тартиб-интизом тамойиллари жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолият кўрсатаётган инсонлар ҳаёт тарзининг асоси бўлиши керак. Ҳар бир спортчи, мураббий ва педагог ўз кучи, билими, малакаси ва ҳаётий қарашларига эга бўлиши шарт. Шундагина биз Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улуғвор мақсадимизни рўёбга чиқаришимиз сари дадил қадам қўямиз.
Нодиржон Ғаффоров,
Ўзбекистон давлат
жисмоний тарбия ва
спорт университети
Ўзбек тили ва адабиёти
кафедраси мудири, доцент