Нурафшон шаҳрида Президент Олимпиадаси ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ёш спортчилар, уларнинг устоз-мураббийлари ҳамда ота-оналари билан учрашиб, юксак натижалар билан табриклади.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда илк бор ўтказилган Президент Олимпиадаси вилоят спортчилари учун зафарли натижаларга бой бўлди. Кескин ва муросасиз ўтган баҳсларда Тошкент вилояти ёшлари 18 та олтин, 8 та кумуш ва 31 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни, жами медаллар сони бўйича эса биринчи ўринни эгаллади.

Вилоят ҳокими ушбу салмоқли ютуқлар билан ёш спортчиларни, уларнинг устоз-мураббийлари ҳамда фидойи ота-оналарини самимий муборакбод этар экан, бу натижалар катта меҳнат, қунт ва сабр-тоқат маҳсули эканини алоҳида қайд этди. Шунингдек, мусобақанинг минтақавий ва вилоят босқичларида сараланган 230 нафар энг кучли спортчи Республика финалида вилоят шарафини ҳимоя қилгани таъкидланди.
Айниқса, бокс, юнон-рум кураши ва стол тенниси бўйича жамоаларнинг муваффақиятли иштирок этгани эътироф этилди. Шунингдек, енгил атлетика бўйича С.Нусратуллаеванинг 2000 метрга тўсиқлар билан югуриш йўналишида 6 дақиқа 39,6 сония натижа кўрсатиб, 18 ёшгача бўлган спортчилар орасида Ўзбекистон рекордини ўрнатгани мусобақанинг энг қувончли воқеаларидан бири сифатида қайд этилди.

Шунингдек, вилоятда 2025 йил давомида спорт соҳасида амалга оширилган ишлар ва эришилган ютуқлар ҳам сарҳисоб қилинди. Таъкидланганидек, вилоятда ҳам спорт инфратузилмасини яхшилаш, ёшлар учун замонавий шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Натижада 15 та спорт объекти барпо этилди, улар учун 211,5 миллиард сўм, спорт жиҳозлари учун эса 14 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, маҳаллаларда аҳоли учун қулай бўлган 151 та спорт майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Бугунги кунда вилоятда 33 та спорт таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда 41,6 минг нафар ёшлар мунтазам шуғулланмоқда, 1 минг 332 нафар мураббий меҳнат қилмоқда. Профессионал спорт йўналишида ҳам салмоқли ютуқлар қайд этилмоқда. Вилоятда 22 та Олимпия, 4 та миллий ва 20 та ноолимпия федерацияси фаолият кўрсатмоқда. Миллий терма жамоаларга тайёрлаб берилган спортчиларнинг умумий сони 1 минг 795 нафарга етди.

Тадбир якунида Президент Олимпиадаси ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, уларнинг устоз-мураббийлари ҳамда спорт мусобақаларида катта ҳисса қўшган масъуллар муносиб тақдирланди. Шунингдек, жорий йилда жаҳон чемпионатида нафақат вилоят, балки республика шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон байроғини юқори чўққиларга олиб чиққан чемпионлар ҳам алоҳида тақдирланди.

– Билдирилган ишончни муносиб оқлашга ҳаракат қилдик. Президент Олимпиадаси биз учун катта тажриба майдони бўлди. Мен ҳам унда яхши натижалар кўрсатиб, олтин медални қўлга киритдим. Келгуси мусобақаларда ҳам ўз маҳоратимни янада ошириб, юртимиз шарафини юксакларга кўтаришга ҳаракат қиламан, – дейди ангренлик ёш оғир атлетикачи Садоқат Абдуғаниева.

Вилоят ҳокими ёш спортчиларни келгусида ҳам Ватан шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишга, байроғимизни юксак поғоналарга кўтаришга чақириб, уларга муваффақият ва янги зафарлар тилади.


А.Мусаев, ЎзА.