Бугун, 16 июль куни мамлакатимиз спортчилари бир қатор нуфузли мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Миср пойтахти Қоҳирада қиличбозлик бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатида аёллар ўртасида рапира йўналишидаги баҳсларда Умида Илясова баҳсларни ўтказса, шпага йўналишининг эркаклар ўртасидаги мусобақасида Файзулла Алимов, Роман Александров, Жавоҳирбек Нурматов, Нодирбек Мўминов кураш олиб боради.
Хорватиянинг Загреб шаҳрида дзюдо бўйича бошланаётган Гран-при мусобақасида ҳамюртларимиздан Нодира Йўлдошева баҳсларга киришади.
Шунингдек, АҚШнинг Бирмингем шаҳрида якунига етиб бораётган XI Бутунжаҳон спорт ўйинларининг муай-тай мусобақасида Фанат Қаҳрамонов медаллар учун майдонга чиқади.
Енгил атлетика бўйича Южин (АҚШ) шаҳрида старт олган жаҳон чемпионати дастуридан ўрин олган баландликка сакраш беллашувларида Сафина Саъдуллаева ўз маҳоратини намойиш этади.
Т.Рўзиев, ЎзА