Вьетнамнинг Хайфон шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада 18 та мамлакатдан 232 нафар спортчи, 20 та йўналишда баҳс олиб борди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси мазкур чемпионатга катта ва яхши тайёрланган таркиб билан йўл олди. Мусобақа арафасида терма жамоа аъзоларининг жаҳон чемпионати, жаҳон кубоги, ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ҳамда халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этгани уларнинг тайёргарлигида муҳим омил бўлди.
Қувонарлиси, катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида юртдошларимиз жами 4 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Мусобақанинг илк куниёқ Олимпия ўйинлари иштирокчиси Шаҳзод Нурматов (LM1x) яккалик дастурида кумуш медални қўлга киритди. Аёллар ўртасидаги икки ўринли қайиқлар баҳсида Малика Тагматова ва Анна Пракатен (W2x) дуэти олтин медалга сазовор бўлди. Бу натижа Малика Тагматова учун Осиё чемпионатидаги 10 йилдан кейинги илк олтин медаль бўлди.
Шунингдек, Райҳона Саттарова ва Айдана Сметуллаева (W2-) халқаро мусобақалардаги каби бу чемпионатда ҳам кумуш медаль билан тақдирланди.
Эркаклар ўртасидаги тўрт кишилик экипаж – Бобуржон Муҳиддинов, Жамолбек Турғунов, Меҳрожбек Маматқулов ва Шаҳбоз Холмирзаев (M4x) ҳамда Собиржон Сафаролиев ва Озоджон Маматов (LM2x) дуэти кумуш медални юртимиз хазинасига қўшди.

М8+ йўналишида Шеҳроз Ҳакимов, Шуҳрат Шодиев, Обиджон Жўрақулов, Шаҳриёр Ҳамдамов, Фазлиддин Каримов, Дилшоджон Худойбердиев, Давржон Давронов, Алишер Турдиев ва Фаррух Облақуловлардан иборат экипаж олтин медалга лойиқ деб топилди.
Мусобақанинг иккинчи кунги баҳслари ҳам юртдошларимиз учун муваффақиятли кечди. Дилшоджон Худойбердиев ва Фазлиддин Каримов (M2-) экипажи олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Шаҳриёр Ҳамдамов ва Обиджон Жўрақулов (LM2-) дуэти ҳам олтин медаль билан тақдирланди.
Терма жамоамиз аъзоларининг икки бронза медали LM4x ва LM4 йўналишида жамғарилди.
Ушбу натижалар —Ўзбекистонда академик эшкак эшиш спорти тараққиётга юз тутганидан далолат, спортчилар ва уларни тайёрлаган мураббийлар меҳнати самараси.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА