Париж шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этиб ғолиблар сафидан ўрин олган наманганлик спортчилар катта тантана билан қарши олинди.
Чустлик Толиббой Йўлдошев нуфузли турнирнинг “F37” классида диск улоқтиришда 57,28 метр натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, у ядро улоқтиришда 15,24 метр натижа кўрсатиб бронза медални қўлга киритганди.

Мингбулоқлик Нурхон Қурбонова ҳам билдирилган юксак ишончни оқлашга муваффақ бўлди. У пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида “F54” классида найза улоқтиришда 21,12 метр натижа қайд этиб, дунё рекордини янгилади ва делегациямиз ҳисобига ўнинчи олтин медални қўшиб қўйди. Нурхон бундан аввал, “F54” классида ядро улоқтиришда 7,75 метр натижа кўрсатиб, бронза медални қўлга киритган эди.


Тўрақўрғонлик Кумушхон Хўжаева эса пара дзюдо бўйича аёллар ўртасида “J2” классида 57 килограмм вазн тоифасидаги финалгача бўлган жангларни ғалаба билан якунлаб, кумуш медалга эга чиқди.

Янги Ўзбекистон қаҳрамонлари Поп туманида, Қамчиқ довони “Наманган” назорат масканида карнай-сурнай садолари билан тантанали равишда қарши олинди. Вилоят ва туман ҳокимликлари мутасаддилари, кенг жамоатчилик, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги тантанали тадбир давлатимиз мадҳияси садолари билан бошланди.

Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев спорт оламидаги энг нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этган спортчилар ва уларнинг яқинларини муборакбод этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.