Спортчилар учун антидопинг бўйича семинар ўтказилди
Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг aгентлиги ҳамда алоқадор ташкилотлар томонидан 2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини тайёрлашда допинг қўлланилишини олдини олиш ва допингга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги дастур тасдиқланган.
Шунга мувофиқ, жойларда спортчи, спорт шифокорлари ва мураббийлари учун антидопинг ўқув-семинарлари ўтказиб келинмоқда.

Куни кеча Спортни ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси ҳамда Ўзбекистон триатлон федерацияси мураббийлари, спорт шифокорлари ҳамда спортчиларига антидопинг қоидалари юзасидан ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинар давомида иштирокчилар допинг синамаларини олиш, қоидабузарликлардан ҳимояланиш, кутилаётган Олимпия ўйинларида Халқаро антидопинг ташкилоти томонидан жорий этиладиган тақиқланган дори воситалари билан таништирилди.
Анжуман якунида мутахассислар спортчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Т.Рўзиев,
ЎзА