Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спортчи ёшларимиз Осиё ўйинларида етакчи
23:11 / 2025-10-20

Баҳрайнда ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимига бир кун қолганда 2 та спорт турида ғолиб ва совриндорлар аниқланди, 3 та спорт турида дастлабки саралаш мусобақалари ташкил этилди.

Ўзбекистон спорти тарихида муносиб ўринга эга бўлган мазкур ўйинларнинг ортда қолган иккинчи кунги мусобақаларида мамлакатимиз курашчилари тарихий ғалабага эришди.

Осиё ўйинларининг бир кун муқаддам ўтган баҳсларида 2 та олтин медални қўлга киритган курашчиларимиз иккинчи кунги беллашувларда ҳам муносиб натижа қайд этди.

15 та давлат ёш курашчилари қатнашган баҳсларнинг -52 кг вазнида гиламга чиққан терма жамоамиз аъзоси Мубина Каримова ҳиндистонлик рақибини финалда мағлуб этиб, Осиё ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди.

Шунингдек, ўғил болалар ўртасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Шоҳжаҳон Ғолибов -83 килограммдаги саралаш беллашувларида муваффақиятга эришиб, финалда эронлик рақибини таслим этди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.

Шунингдек, қитъа ўйинларининг иккинчи кунида пенчак силат мусобақасида ҳамюртимиз Нурислом Рўзибоев Осиё ёшлари орасида -63 килограммда тенгсиз эканини намойиш этди.

Маҳоратли спортчимиз финалда қирғизистонлик рақиби Темур Бекбоевни 46:16 ҳисобида енгиб, олтин медалга эгалик қилди. Яна бир спортчимиз Феруза Бозорова печак силат бўйича -55 килограмм вазнда бронза медалига эга чиқди.

Осиё ёшлар ўйинларининг учинчи кунги мусобақалари остонасида Ўзбекистон спорт делегацияси 5 та олтин, 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 45 та мамлакат орасида пешқадамлик қилмоқда.

Медаллар жамғаришда Индонезия, Филиппин давлат спорт делегациялари 1 тадан олтин медаль билан кейинги ўринларни эгаллаб турибди.

21 октябрь куни 5 та спорт тури – соҳил волейболи, текбол, кабадди, гандбол ва волейбол бўйича мусобақалар ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, 28 та спорт тури бўйича ўтадиган ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими 22 октябрь куни ташкил этилади.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА