Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спортчи ёшлар сафи кенгаймоқда
19:42 / 2022-11-30

Навоий вилоятида спортнинг яккакураш тури билан шуғулланаётган ёшлар сафи кенгаймоқда. Буни Учқудуқ шаҳри мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бу шаҳардан турли ёш тоифасидаги мамлакат чемпионлари, халқаро мусобақа ғолиб ва совриндорлари етишиб чиққан. “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳомийлигида фаолият юритаётган "Лочин" соғломлаштириш спорт мажмуасидаги шароитлар ҳавас қилгудек даражада. Бўлажак чемпионлар шуғулланадиган спорт маскани Навоий шаҳридан 320 километр узоқликда, олис чўл ҳудудида жойлашган. Бу ерда дзюдо спорт тури билан икки юз нафарга яқин ёшлар шуғулланади. Улардан 30 нафарини қизлар ташкил этаётгани қувонарли.

Чўл ҳудуди бўлишига қарамай, “Лочин”дан кўплаб Ўзбекистон чемпионлари, Осиё чемпионати ҳамда Кубоги ғолиб ва совриндорлари етишиб чиққан. Маҳаллий ёшларга олий тоифали мураббий, "Шуҳрат" медали соҳиби Алишер Шодмонов дзюдо сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.

– Шогирдларимнинг 25 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, 20 нафари спорт усталигига номзод, 12 нафари спорт устаси бўлган, – дейди Алишер Шодмонов. – Фаолиятим давомида кўплаб шогирдларим халқаро ва республика миқёсида ғолибликни қўлга киритган. Энг муҳими, учта шогирдим Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Алишер Шодмоновнинг шогирдларидан бири Ирода Жуманова дзюдо бўйича спорт устаси, ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё очиқ кубогида 1-ўринни қўлга киритган. У 2015 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби. Шунингдек, Дилноза Камолова 2017 йил, Маҳлиё Маннонова эса 2018 йилда Зулфиячи қизлар қаторидан ўрин олган. Дилноза Камолова кураш ва дзюдо бўйича спорт устаси, уч карра Осиё очиқ кубоги чемпиони. 2015 йилда Таиланднинг Бангкок шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида учинчи ўринни қўлга киритган. У ёшлар ўртасида дунё рейтингида 4-ўринда туради. Миллий терма жамоа аъзоси.

– Дзюдо бўйича ўтказилган мусобақаларда қўлга киритган ютуқларимнинг барчасида устозим Алишер аканинг хизматлари беқиёс, – дейди халқаро тоифадаги спорт устаси Маҳлиё Маннонова. – Жумладан, дзюдо бўйича 2014 йил Гонконгда ва 2015 йил Таиландда ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш, 2016 йил Ҳиндистонда ўтказилган Осиё чемпионатида бронза медалини қўлга киритганман. Эришган ютуқларим боис Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибасига айландим. Ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзосиман. Бунда устозимнинг меҳнати, ишончи катта. Эришилаётган натижаларга юртимизда спортни янада ривожлантириш ва оммалаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар асосий сабабдир.

Президентимизнинг жорий йил 20 июндаги “Дзюдо спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳоли ўртасида дзюдонинг олимпия спорт тури сифатида оммавийлигини ошириш, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлашга хизмат қилади. Ишончимиз комил, яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланаётган учқудуқлик ёшлар халқаро мусобақаларда доимо ўз сўзини айтади.

А.Бўриев, ЎзА