Шу кунларда мамлакатимизнинг ёш ва умидли спортчилари уч босқичдан ўтказилиши йўлга қўйилган “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” спорт ўйинларининг якуний босқичи - "Президент олимпиадаси" мусобақаларига ҳозирлик кўрмоқда.
Спортнинг бокс, дзюдо, эркин, аёллар ва юнон-рум кураши, стол тенниси, енгил атлетика, таэквондо(WТ), баскетбол(3х3), бадиий гимнастика ва оғир атлетика турлари бўйича ўтказиладиган мусобақаларда орда қолган иккита босқичда ғолибликка эришган спортчилар, жамоалар "Президент олимпиадаси”нинг ғолиб ва совриндорлари бўлиш йўлида кураш олиб боришади.

Жорий йилнинг 23 ноябрь – 4 декабрь кунлари ташкил этиладиган мусобақаларнинг бокс, дзюдо, эркин, аёллар ва юнон-рум кураши, стол тенниси, енгил атлетика, таэквондо(WТ), баскетбол 3х3 спорт турлари бўйича мусобақалар Олимпия шаҳарчаси спорт мажмуаларида, бадиий гимнастика баҳслари гимнастикага ихтисослаштирилган республика болалар ва ўсмирлар олимпия захиралари мактабида, оғир атлетика беллашувлари Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилиши белгиланган.
Шу ўринда айтиш лозим, ўйинлар низомига мувофиқ, бокс, эркин ва аёллар кураши, оғир атлетика, бадиий гимнастика мусобақалари 23 ноябрдан бошланса, юнон-рум кураши ва енгил атлетика баҳслари 26 ноябрдан, баскетбол(3х3) ўйинларига 30 ноябрдан, стол тенниси мусобақаларига 2 декабрдан старт берилади.
Ўйинларнинг расмий очилиш маросими 26 ноябрь куни пойтахтимизда бунёд этилган Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтади.

Куни кеча Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутахассисларидан иборат ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш ишчи гуруҳ аъзолари “Президент олимпиадаси” мусобақалари ўтадиган мажмуаларнинг ҳолати, иштирокчилар яшайдиган меҳмонхоналарнинг шарт-шароитлари ҳамда меҳмонлар учун яратилган инфратузилмалар билан танишди.
Спорт мажмуаларда мураббий ва ҳакамлар, техник қўмита вакилларига бириктирилган хоналарнинг зарур инвентарлар билан таъминланганлиги, спортчиларнинг ечиниш-кийиниш хоналарининг талаб даражасига жавоб бериши кўздан кечирилди. Масъулларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА