Спорт мусобақаларининг шиддатли баҳсларида севинч ва изтироб ҳамиша ёнма-ён. Кимдир ютади, кимдир ютқазади.
Мамлакатимиз спортчи талабаларининг фаолияти, халқаро мусобақалардаги иштироки, ушбу тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Талабалар спорт ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси аъзоси Эркин Қодиров билан суҳбатлашдик.
– Мамлакатимиз миллий терма жамоаларига аъзо спортчиларнинг 80 фоиздан ортиғини талабалар ташкил этади. Айтинг-чи, ассоциация тизимида спортчи талабаларни қамраб олиш ҳолати қандай?
– Бу борада кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Ассоциация 2018 йилда ташкил этилиб, ўтган йиллар давомида ташкилотнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари яратилди. Талабалар ўртасида 27 та спорт турини кенг ёйиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш мақсадида юртимиздаги 106 та олий таълим муассасасида спорт клублари ташкил этилди. Натижада 47 минг нафардан зиёд талаба қамраб олинди. Ушбу саъй-ҳаракатларни давом эттирган ҳолда келгусида қамровни 250 минг нафарга етказишни мақсад қилганмиз.
– Яқинда Америка Қўшма Штатларининг Лейк-Плэсид шаҳрида ўтказилган 31-Қишки универсиада ўйинларида юртимиз спортчилари ҳам иштирок этди. Натижалар хусусида тўхталиб ўтсангиз.
– Мазкур Қишки универсиада ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 23 нафар таркиб билан қатнашди. Шундан 13 нафари спортчи талабалар бўлди. Спортчиларимиз ўйинлар дастуридаги 3 та спорт тури — сноуборд, чанғида учиш ва фигурали учиш дастурлари бўйича ватанимиз шарафини ҳимоя қилди. Албатта, спортчиларимизнинг нуфузли халқаро мусобақада илк бор қатнашаётгани ҳамда ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилмагани, қишки спорт турлари бўйича тажрибали мураббий-мутахассисларнинг етарли эмаслиги натижаларда акс этди.
Шундай бўлса-да, спортчиларимизнинг аксарияти 40-50 нафар иштирокчи кураш олиб борган дастурларда 12-, 20, 25-ўринлардаги кўрсаткичга эришганлиги ёшларимизда истеъдод, ғалабага интилиш борлигидан далолат. Аммо, халқаро мусобақа кўникмаси, техник-тактик ҳаракатларнинг мукаммал эмаслиги совриндорлар сафидан жой олишга халақит берди. Юқори ўринларни эгаллаган Жанубий Корея, Япония, Европа ва Америка қитъаси вакиллари йил ўн икки ой машғулот майдонидан бери келмаслигини, доимий тарзда мусобақаларда тизимли қатнашаётганлигини назарда тутсак, ғалабалар сари йўл машқлар, кичик мусобақаларда тобланиш орқали бошланишини англаш қийин эмас.
– Ушбу универсиада ўйинлари давомида Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) президенти Леонс Эдер билан учрашув ўтказдингиз. Унда қандай келишувларга эришилди?
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/wTHZEGYLMi8" title="Спортчи талабаларнинг неча фоизи машғулотлар билан қамраб олинган?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Учрашув Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси (FISU) ташаббуси билан ўтказилди. Мулоқот давомида FISU президенти Леонс Эдер Ўзбекистон спортчиларининг ёзги олимпиада ўйинларидаги, жаҳон чемпионатларидаги иштирокини доимо кузатиб боришини билдириб, қишки комплекс мусобақаларда ватанимиз спортчиларининг тизимли тарзда қатнаша бошлаганлигидан мамнун эканлигини, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг спортнинг ривожига алоҳида эътибор бераётганлигини эътироф этди.
Шунингдек, суҳбат давомида FISU ва Ўзбекистон талаба спорт ассоциацияси ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, Тошкентда Бутунжаҳон университетлар спорти федерацияси вакиллари иштирокида тадбирлар ташкил этиш масаласида келишувларга эришдик.
– Ўзбекистон Талабалар спорти ассоциацияси тизимида жорий йил қандай мусобақалар ўтказилиши кўзда тутилган?
– Ўтган йили ҳам бир қатор спорт турлари бўйича ички мусобақалар ташкил этилган эди. Бундан ташқари, баркамол авлод спорт ўйинлари зўр муваффақият билан бўлиб ўтди. Жорий йилда қатор режаларни амалга ошириш остонасида турибмиз. Аслида бу йилги талабалар ўртасидаги спорт мусобақалари бошланиб кетди. Ўтган ҳафта универсиада ўйинлари тизимидаги дзюдо баҳслари финал мусобақалари Навоийда бўлиб ўтди.
Авваллари юртимизда ўтадиган универсиада ёки Баркамол авлод мусобақаларида доимий тарзда Ўзбекистон чемпионатида биринчиликда қатнашиб келаётган ёшлар иштирок этарди. 2020 йилдан эътиборан янги жорий этилган тизимга биноан таълим муассасаларидаги талабаларни ушбу комплекс мусобақаларга жалб этиш назарда тутилди. Натижада авваллари бирор спорт тури баҳсларида 900 нафар атрофида спортчи талабалар қамраб олинган бўлса, эндиликда босқич мусобақаларида сараланиб, финал баҳсларида иштирок этадиганлар сони 1500 нафардан кўп. Бу — талабаларни спорт мусобақаларига жалб этиш мамлакатимизда 1,6 фоизга ортди.
Ушбу суҳбатнинг тўлиқ қисмини видео орқали кўришингиз мумкин.
Тўлқин Рўзиев суҳбатлашди.
Ёқуб Мелибоев (тасвирчи), ЎзА