Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спортчи-ўқувчилар Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўрмоқда
09:54 / 2023-07-04

Сўнгги йилларда спорт соҳасида эришилаётган ютуқлар, мамлакатимизда ўтказилаётган нуфузли мусобақалар дунё ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланмоқда. Спортчиларимиз эришаётган улкан ғалабалар замирида уларни камол топтираётган спорт масканларининг ўрни беқиёс.

Жумладан, мамлакатимизда ёш спортчилар юксак марралар сари илк қадамларини қўйишида пойтахтимиздаги Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказини алоҳида таъкидлаш жоиз. Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ҳозирги кунда умумий 23 та олимпик ва ноалимпик спорт турлари ҳамда 3 та параспорт турлари мавжуд. 

2022/2023 ўқув йилининг иккинчи яримида спортчи-ўқувчилар Ўзбекистон чемпионати ва кубоги, Осиё чемпионати ва кубоги ҳамда жахон чемпионати ва кубокларида муносиб иштирок этиб, юрт шарафини юксалтиришга ўз ҳиссаларини қўшди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон чемпионати ва кубокларида 114 та олтин, 89 та кумуш, 88 та бронза медали, Осиё чемпионатида 4 олтин, 11 кумуш, 20 бронза медали ҳамда жахон чемпионатида 7 дона олтин, 5 дона кумуш, 11 дона бронза медалини қўлга киритди. 

[gallery-12594]

Ўқув йилининг иккинчи ярим йиллигида спортчи-ўқувчиларнинг 9 нафари Халқаро тоифадаги спорт устаси, 52 нафари Ўзбекистон спорт устаси, 343 нафари спорт усталигига номзод унвонига эга бўлди. Марказ спортчи-ўқувчиларининг 222 нафари Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибида ва 102 нафари захира таркибида. 

– Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг спортчилари спорт мусобақаларига тайёргарлик ва натижадорликни оширган ҳолда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибидан жой олиб келмоқда, – дейди марказ директори Аброр Мамадалиев. – Спорт турлари бўйича етук кадрларни етиштириш бўйича марказнинг малакали тренер-ўқитувчилари турли спорт бўлимлари билан истиқболли режа тузган. Бунинг натижасида спортчилар нуфузли мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритмоқда.

Шунингдек, марказ спортчилари 2025 йил Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёнларини бўшлаб юборган. Ҳозирда мазкур спорт тадбирида иштирок этувчи спортчилар сараланмоқда. Сараланган спортчилар ўз маҳоратларини янада ошириш мақсадида спорт йўналишлари бўйича ўқув-йиғин машғулотларида пухта ҳозирлик кўриб келмоқда. Ушбу мусобақага қарийб икки йил вақт борлиги эса ёш спортчилар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтирмоқда. Бу эса мазкур йирик спорт тадбирида терма жамоаларимиз сафида энг кучли ва маҳоратли спортчилар ўрин олишига замин яратади. 

Дарҳақиқат, бугун марказда ўз маҳоратини ошираётган иқтидорли ёшлар ўзлари танлаган спорт йўналишларида янги марралар сари одимламоқда. Ишонамизки, улар Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида мамлакатимиз шарафини янада юксалтиради. 

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА