Бухоро вилояти Когон туманида спорт яккакурашлари билан шуғулланувчилар сафи тобора кенгайиб бораётгани улар учун замонавий инфратузилма яратишни тақозо этмоқда.
Шуни инобатга олиб, аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт яккакурашларига ихтисослашган замонавий спорт зали қуриб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур спорт иншооти 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ эвазига барпо қилинди ва 600 миллион сўмлик зарур инвентарлар билан жиҳозланди. Бу ерда спортнинг эркин, юнон-рум ва миллий кураш йўналишлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган.
Очилиш тадбирида вилоят ва туман ҳокимликлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар мутасаддилари, спорт соҳаси вакиллари ва ёшлар иштирок этди. Унда сўз олганлар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Мажмуа йил давомида спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланиш, вилоят ва республика миқёсидаги мусобақалар ўтказиш, юксак малакали спортчиларни тайёрлаш ва энг асосийси ёшларимизни оммавий спорт турларига кенг жалб этишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.