Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида 2025 йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-мавсуми доирасида замонавий универсал спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, Ширин шаҳар спортчилари учун Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан 12 номдаги жами 360 дона спорт жиҳози ва 200 дона спорт формаси тақдим этилди.
Спорт залининг тантанали очилиш маросимида Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова ҳамда вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўроновлар иштирок этишди. Унда давлат томонидан спортни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли спортчиларни етиштиришга қаратилган изчил ва тизимли ишлар алоҳида таъкидланди. Шунингдек, универсал спорт зали келгусида халқаро ареналарда юртимиз байроғини баланд кўтарадиган чемпион спортчиларни тайёрлашда муҳим роль ўйнаши қайд этилди.

18х36 метр ўлчамдаги кенг ва замонавий спорт залини қуриш учун “Ташаббусли бюджет”дан жами 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ йўналтирилган, қўшимча равишда Ширин шаҳар ҳокимлиги томонидан 500 миллион сўм ажратилган.

Янги спорт залида ёшлар ва иқтидорли спортчилар мини-футбол, волейбол, баскетбол, гандбол, бадминтон ҳамда якка кураш каби турли спорт турлари билан мунтазам машғулот ўтказишлари, тажриба ва малака орттиришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.

–Ушбу спорт зали нафақат шаҳар аҳолиси, айниқса ёшлар учун кўп йиллик орзу эди. Қиш-қировли ва ёғингарчилик кунларида мунтазам машғулотларни ўтказиш имкони бўлмасди, бу эса ёш спортчилар, бўлғуси чемпионларнинг жисмоний тайёргарлигига салбий таъсир қилар эди. Президентимизнинг спортга қаратган эътиборлари туфайли бу имконият яратилди деб ҳисоблайман, — дейди маҳалла фаоли Рустам Муродов.

Бир сўз билан айтганда, Ширинда фойдаланишга топширилган ушбу спорт зали спортчиларнинг жисмоний фаоллиги ва маҳоратини ошириш билан бирга, соғлом авлодни тарбиялаш ва спортдаги ютуқлар сонини янада оширишга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимиз байроғини нафақат юртимизда, балки халқаро ареналарда ҳам баланд кўтариш имконини беради.
Ғулом Примов, Анвар Тўйчев (сурат) ЎзА