Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт – халқ дипломатияси ва халқаро дўстлик кўприги
15:22 / 2025-12-02

XXI асрнинг глобаллашув шароитида дипломатия нафақат давлат раҳбарлари, балки кенг жамоатчилик, маданият ва спорт вакиллари иштирокида халқ дипломатияси шаклида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон мустақилликдан буён минтақавий барқарорлик ва халқаро ҳамжиҳатлик сиёсатини олиб бормоқда. Айниқса, 2017 йилдан бошланган очиқлик сиёсати халқ дипломатиясини мамлакатнинг "юмшоқ кучи", халқаро имижи ва барқарор ривожланиш стратегиясининг ажралмас компонентига айлантирди.

Ўзбекистон учун халқ дипломатияси стратегик аҳамиятга эга бўлиб, у мамлакатнинг глобал майдондаги ижобий имижини шакллантириш, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, туризм, таълим, инвестициялар оқимини рағбатлантириш ҳамда Марказий Осиёда интеграция жараёнларини чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.

Халқаро мулоқотнинг кучли воситаси

Спорт нафақат жисмоний фаоллик, балки халқаро дўстлик, тинчлик ва ўзаро ишончнинг энг самимий ифодасидир. Бугунги кунда спортни халқаро дипломатия ва мулоқотнинг кучли воситаси сифатида кўрмоқдамиз. Ўрта Осиёда қадимдан кураш, чавандозлик каби спорт турлари нафақат жисмоний тайёргарлик, балки маънавий камолот мактаби бўлиб келган. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлардаги у-шу, самбо, кабадди каби спорт турлари ҳам миллий руҳ ва бирликни ифодалаб, халқларни тарихий жиҳатдан бирлаштирувчи қадимий меросдир.

Спорт дипломатияси глобаллашув даврида халқлар ўртасида тинчликни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорликни ривожлантиришнинг энг самарали йўналишларидан бирига айланди. Спорт орқали турли миллат, тил ва дин вакиллари бир майдонда, бир мақсад йўлида бирлашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Спорт – бу халқаро мулоқотнинг энг самарали шаклидир. У инсонлар ўртасида ишонч, ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлайди”.

Тарихий муваффақиятлар

2024 йилда Франция пойтахти Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинлари Ўзбекистон делегацияси учун тарихий муваффақият келтириб, мамлакатнинг халқаро спорт дипломатияси майдонидаги юксак салоҳиятини намоён этди. Ўзбекистон жамоаси Олимпиадада 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза – жами 13 та медаль қўлга киритиб, мамлакат тарихидаги энг юқори олимпик кўрсаткични қайд этди ва 206 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Ушбу ютуқ янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширган ва ёшлар учун илҳом манбаи бўлди.

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳам ушбу ғояларни амалий фаолиятида рўёбга чиқармоқда. Университет ШҲТ давлатлари билан кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Хитой ва Корея каби мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар ва стажировка дастурлари бўйича меморандумлар имзоланган. Жорий йилнинг май ойида Хитойда "Буюк Ипак йўли мамлакатлари" иштирокида ўтказилган халқаро стол тенниси мусобақасида Ўзбекистон делегациясининг фаол иштироки халқаро дўстликнинг амалий ифодаси бўлди.

Ҳозирда университетда Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Тожикистон каби давлатлардан келган хорижий талабалар таҳсил олмоқда. Шунингдек, 7 нафар хорижий профессорлар (Россия, Корея ва Туркиядан) фаолият олиб бориб, ёш мутахассисларга ўз тажрибаларини ўргатмоқда. Университет ШҲТ мамлакатлари спорт университетлари ўртасида илмий ҳамкорлик, профессор ва талаба алмашинувини янада кенгайтириш ташаббусини илгари сурмоқда. Келгусида қўшма магистратура дастурларини жорий этиш, спорт менежменти ва дипломатияси бўйича халқаро ёзги мактабларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Хулоса қилиб айтганда, спорт — бу энг соф ва инсоний дипломатия бўлиб, чегара билмайди. У сўзсиз тил, юракдан юракка ўтувчи мулоқотдир. ШҲТ доирасида спорт соҳасидаги ҳамкорлик — нафақат соғлом авлодни тарбиялаш, балки минтақада тинчлик, ишонч ва фаровонликни мустаҳкамлашнинг энг ишончли йўлидир.

Жасур Зарифбоев,
 Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 
Халқаро алоқалар бўйича проректори