Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт вазири фаол хотин-қизлар билан учрашди
15:39 / 2026-03-04

Спорт вазирлигида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан спорт вазири Адҳам Икромов ва соҳадаги фаол хотин-қизлар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида иштирокчиларга "Олимпия шаҳарчаси" спорт иншоотлари ҳамда спортчиларимиз қўлга киритаётган тарихий ютуқлар ҳақида видеоролик намойиш этилди.

Мулоқотда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг қадри ва жамият ҳаётидаги ўрнини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, Президент фармон ва қарорига мувофиқ, 3 нафар спортчи ва мураббий хотин-қизлар ҳамда 4 нафар спортчи қиз юксак мукофотларга муносиб кўрилгани алоҳида таъкидланиб, улар эришаётган натижалар кўплаб хотин-қизларга намуна экани қайд этилди.  

Бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний тарбия машғулотлари ва оммавий спорт тадбирларида хотин-қизларнинг иштироки 60 фоизни ташкил этмоқда, профессионал спорт билан шуғулланаётган хотин-қизлар улуши эса 28 фоиздан ошган. Миллий терма жамоа таркибидаги аёллар сони 4 500 нафардан ортиқни ташкил этмоқда.

Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида гимнастика бўйича “Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги”, “Аёллар спартакиадаси”, “Спорт — саломатлик ва нафосат манбаи”, “Гимнастрада” каби мусобақалар тизимли равишда ўтказиб келинмоқда.

Тадбир давомида соҳа фаоллари спортни янада ривожлантириш ва унда аёллар иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирди. Мулоқот якунида бир гуруҳ хотин-қизлар вазирликнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шундан сўнг иштирокчилар "Олимпия шаҳарчаси" ҳудудида жойлашган Ўзбекистон давлат спорт академияси фаолияти билан яқиндан танишди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА