Мамлакатимиз спортчиларини жорий йил давомида бир қатор нуфузли мусобақалар, жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар, ёзги Осиё ўйинлари каби йирик спорт тадбирлари кутиб турибди.
Хўш, хорижий мамлакатларда ўтадиган мусобақаларга тайёргарлик ишлари қай тартибда олиб борилмоқда? Ўтган йили юртимиз ёшларига ҳақиқий спорт байрамини туҳфа этган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ўйинлари бу йил қандай кўринишда ташкил этилади? Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида рақамлаштиришга хизмат қилиши белгиланган "ERP" спорт платформаси фаолиятида узликсизликни таъминлаш ишлари қониқарлими?

Спорт вазири ўринбосари Ш.Маҳмудов раислигида ўтган йиғилишда мазкур масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Нуфузли мусобақаларда янги Ўзбекистон қиёфасини ёрқин намойиш этиш устувор вазифа эканлиги таъкидланди.
Жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги тегишли бўлим раҳбарлари, спорт федерациялар ва ассоциацияларнинг мутасаддилари қатнашган йиғилиш жараёнида ҳар бир йўналиш бўйича тақдимотлар билан танишилди. Масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.

Йиғилиш давомида жорий йилги “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларини ўтказишга кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари, мусобақалар низомини қайта кўриб чиқиш, ўтган мавсумда йўл қўйилган камчиликлар устида ишлаш зарурлиги айтиб ўтилди.
Жорий йилги миллий чемпионатлар, халқаро турнирларда терма жамоаларнинг муносиб иштирокини таъминлашда спорт федерациялар ва ассоциацияларнинг масъулиятини ошириш, ажратилган маблағларни мақсадли сарфлашда шаффофликка эришиш зарурлиги таҳлил этилди.
Т.Рўзиев, ЎзА