French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт таълимида инновацион ёндашувлар диққат марказида
13:34 / 2025-11-20

Жиззах давлат педагогика университетида жисмоний тарбия ва спортнинг инновацион ривожига бағишланган халқаро илмий-амалий конференсия бўлиб ўтди. “Инновацион, рақамлаштирилган ва глобаллашган жамиятда жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни ҳамда вазифалари” мавзусида ташкил этилган ушбу анжуман соҳа мутахассислари, олимлар, илмий тадқиқотчилар ҳамда амалиётда фаолият юритаётган етакчи мутахассисларни бир жойга жамлади.

Ушбу конференсияда Англия, Туркия, Покистон, Россия, Қозоғистон ва қўшни давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар, фан докторлари ва халқаро даражадаги мутахассислар иштирок этиб, ўз маърузаларини тақдим этдилар. Улар қаторида Буюк Британиянинг University of East London, Туркиянинг Istanbul Universitesi-Cerrahpaşa, Покистоннинг Haripur University, Россиянинг Ставропол шаҳридаги олийгоҳлар, Жанубий Қозоғистон университети, Қозоғистон Миллий университети ва бошқа нуфузли таълим муассасаларини вакиллари ҳам ҳам иштиок этишди.

Тадбирни университет ректори, профессор Мақсуджон Йўлдошев очиб, ўз нутқида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини замонавий илмий ёндашувлар асосида ривожлантириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади. У халқаро илмий ҳамкорликни кучайтириш таълим сифати ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни самарали ташкил этишда катта аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

[gallery-26342]

– Бугунги конференсия нафақат илмий мулоқот майдони, балки амалиётга татбиқ этиш мумкин бўлган таклиф ва ғояларни белгилаб олиш учун муҳим платформа ҳам ҳисобланади, – деди ЖДПУ ректори. – Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳар бир илмий ёндашув, ҳар бир инновацион ғоя таълим сифати, талабаларнинг жисмоний кўрсаткичлари ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бевосита таъсир кўрсатади.

Анжуманда соҳага оид қатор долзарб масалалар – жисмоний соғломлик ва спортнинг ўзаро боғлиқлиги, спорт тиббиёти ва спорт психологиясидаги замонавий ёндашувлар, рақамлаштирилган жисмоний тарбия тизимини жорий этиш, инновацион педагогик технологияларни амалиётга татбиқ қилиш каби мавзуларда халқаро экспертларнинг маъруза ва тақдимотлари тингланди. Хусусан, Россия, Туркия, Қозоғистон ва Покистондан келган мутахассислар ўз мамлакатларидаги илғор тажрибаларни тақдим этдилар.

Тадбир давомида хорижлик меҳмонларга анъаналаримизга хос ўзбек миллий либослари ва эсдалик совғалари тақдим этилди.  

Шунингдек, маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари инновацион таълим йўналишларини ривожлантириш, спортни оммалаштириш ва таълим дастурларини такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

Конференсия ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиб, миллатлараро илмий мулоқот ва тажриба алмашиш имкониятларини янада кенгайтирди. Унинг натижалари спорт ва жисмоний тарбия соҳасида илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар университет ҳамда жисмоний тарбия ва спорт факультетида яратилган шароитлар, лабораториялар ва замонавий спорт иншоотлари билан танишдилар. Шу билан бирга, хорижлик меҳмонлар олийгоҳ ҳудудида жойлашган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ташриф буюришиб, тарихий экспонатлар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари