Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт таълим муассасалари фаолияти муҳокама қилинди
20:27 / 2025-10-11

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Сирдарё вилояти филиали биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этишди.

Анжуманда вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари — Эркин Йўлчиев, Баҳодир Ҳожиматов ва Шаҳло Искандарова вилоятдаги спорт таълим муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ва эришилаётган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумот беришди.

Ҳозирда вилоят спорт бошқармаси тасарруфида 20 та спорт таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, 4 та ихтисослаштирилган спорт мактаби, 13 та спорт мактаби, футбол академияси ҳамда футбол мактаби мавжуд.

Президентимизнинг 2024 йил 18 декабрдаги “Ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида вилоятда спорт мактабларини ихтисослаштириш амалиёти йўлга қўйилди. Унга мувофиқ, 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб Сирдарё тумани спорт мактаби енгил атлетика ва гандбол, Ширин тумани спорт мактаби академик эшкак эшиш ва стол тенниси, Сайхунобод тумани спорт мактаби дзюдо ва чим устидаги хоккей, Янгиер шаҳар спорт мактаби эса футбол ҳамда академик эшкак эшиш спорт турларига ихтисослаштирилади.

Ҳозирда вилоят спорт таълим муассасаларида 26 мингдан ортиқ ёш спортчи  бўлиб, уларнинг қарийб тўртдан бири қизлардир. Спортчиларнинг 9 минг 500 нафари турли разряд ва унвонларга эга. Уларнинг 12 нафари халқаро тоифадаги спорт устаси, 91 нафари спорт устаси, 1 142 нафари спорт усталигига номзод, 8 302 нафари эса оммавий спорт разрядларига эгадир.

Спорт соҳасини рақамлаштириш доирасида erp.sport.uz электрон тизими орқали разряд бериш жараёнлари шаффоф ва автоматлаштирилган тарзда амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда вилоятда 813 нафар мураббий фаолият юритмоқда, шулардан 197 нафари — аёллар.

2025 йилнинг учинчи чорагида 21 нафар мураббий малакасини ошириб, тегишли сертификатларга эга бўлишди.

Сирдарё спортчилари жорий йилнинг ўзида 68 хил спорт тури бўйича республика ва халқаро мусобақаларда 1 663 та совринли ўринни қўлга киритишди. Улар орасида 452 та олтин, 487 та кумуш ва 724 та бронза медаль бор. Олимпия спорт турларида 879 та совринли натижа қайд этилгани ҳам муҳим кўрсаткич сифатида таъкидланди.

Сирдарёлик ёшлар халқаро мусобақаларда ҳам муносиб натижалар кўрсатмоқда. Жумладан, қиличбозлик бўйича Осиё кубогида Сардор Суюнов яккалик баҳсларда 3-ўринни, жамоавий таркибда эса 1-ўринни қўлга киритди. Сузиш бўйича Михаил Клешко, сув полоси бўйича Анатолий Котенков ҳамда академик эшкак эшиш бўйича Бобуржон Муҳиддинов халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришди.

Шунингдек, Озарбайжоннинг Габала, Гянджа, Гёйгёл, Мингячевир, Шеки, Ханкенди ва Евлах шаҳарларида бўлиб ўтган III МДҲ ўйинларида вилоят спортчилари 6 та медални — 4 олтин ва 2 кумушни қўлга киритгани ҳам анжуманда алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Анжуманда ногиронлиги бўлган ёшларни спортга жалб этиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Президентимизнинг 2024 йил 8 ноябрдаги қарори ижроси доирасида вилоят спорт таълим муассасаларида 103 та махсус гуруҳ фаолият юритмоқда. Улар орқали 503 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар мунтазам спорт билан шуғулланмоқда. Гулистон Олимпия ва Паралимпия марказларида эса 7 та параспорт тури бўйича машғулотлар ташкил этилган.

Анжуман якунида иштирокчилар Сирдарё спортидаги сўнгги натижалар, янги инфратузилмавий лойиҳалар ҳамда келгуси режалар юзасидан фикр алмашдилар.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири