Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида Андижон вилоятида ногиронлиги бўлган шахсларни спортга кенг жалб этиш, адаптив спорт турларини ривожлантириш бўйича 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциацияси ижрочи директори Анвар Мурсакулов, Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддилари, спорт таълим муассасалари директорлари, махсус мактаб-интернатларнинг жисмоний тарбия ўқитувчилари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда ногиронлиги бўлган шахсларни спортга кенг жалб этиш, адаптив спорт турларини ривожлантириш бўйича тақдимотлар билан танишилди.


Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни спорт мактабларида ташкил этилаётган адаптив спорт гуруҳларига жалб этиш, масъул ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда оммавий спортни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мутасаддилар адаптив спортни ривожлантириш орқали ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Шунингдек, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ва тизимли йўлга қўйиш, спорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ҳамда мутахассислар салоҳиятини ошириш муҳим эканлиги, бу борада жорий йилда амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.


Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.