Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт соҳасини молиялаштиришда хориж тажрибаси ўрганилмоқда
09:13 / 2022-09-20

Жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг ҳар томонлама ривож топиши иқтисодий жабҳадаги ишларнинг самарадорлигига, маблағларнинг мақсадли сарфланишига боғлиқ.

Хўш, Ўзбекистонда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Спорт соҳаси ривожи учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлар самарадорликка хизмат қиляптими?  

Бу борада спорт соҳасини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини ошириш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда, Спортни ривожлантириш вазирлиги бир қатор давлатлар тажрибасини ўрганиш режасини ишлаб чиқди. Ўзбекистон делегацияси яқинда Венгрия давлатида бўлиб, ушбу мамлакатда спорт соҳасидаги ишлар билан яқиндан танишди, венгриялик ҳамкасблари билан тажриба алмашди.  

Учрашувлар асносида юртимиз спорт мутахассислари Венгрия жисмоний тарбия ва спорт соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш жараёнлари билан танишди. Шунингдек, иқтисодий назоратни амалга ошириш механизмлари, спорт ташкилотларининг молия-хўжалик фаолияти ҳамда уларнинг ўзини-ўзи иқтисодий таъминлаш тамойиллари ўрганилди.

Бундан ташқари, Будапештдаги мулоқотлар доирасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, оммавий спортни ривожлантириш каби қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишилди.  

Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра,  Ўзбекистон спорт делегациясининг кейинги манзили Озарбайжон давлати. Ўзбекистонлик мутахассислари ушбу мамлакатда ҳам спорт соҳасини молиялаштириш тизимини ўрганади.

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА