Сирдарё вилояти ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов иштирокида спорт соҳасини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоселектор шаклида ўтказилган тадбирда вилоят спорт бошқармаси, спорт таълим муассасалари, спорт федерациялари, ҳамкор ташкилотлар, олий таълим муассасалари, мактабгача ва мактаб таълими тизими масъуллари, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимликлари студиялари орқали ҳудудлар вакиллари иштирок этишди.

Йиғилишда вилоятда оммавий спортни ривожлантириш, аҳолини, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, Беш ташаббус олимпиадасининг 2026 йилги мавсумига старт берилгани таъкидланиб, уни кенг тарғиб қилиш ва ёшларни мусобақаларга фаол жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, мазкур олимпиаданинг ўтган йилги мавсуми якунларига кўра Сирдарё вилояти юқори натижаларни қўлга киритган. Бунда спорт мактаблари мураббийлари ва спортчилар билан бир қаторда маҳаллаларда фаолият юритаётган ёшлар етакчиларининг фидокорона меҳнати ҳам муҳим аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, Гулистон шаҳрида фаолият юритаётган ёшлар етакчилари, тренер-селекционерлар, ижтимоий ходимлар, жисмоний тарбия ўқитувчилари ҳамда маҳалла фаоллари ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини аниқлаш ва мусобақаларда юқори натижаларга эришиш борасидаги амалий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Йиғилишда, шунингдек, 2025 йилда ўтказилган Президент олимпиадаси спорт мусобақаларида вилоят спортчилари томонидан қайд этилган натижалар таҳлил қилиниб, келгусида уларни янада яхшилашга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, Спорт вазирлиги томонидан жорий этилган ERP Sport ягона электрон бошқарув тизими орқали ёшларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисоботларни шакллантириш ва маълумотлар ҳаққонийлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш якунида мутасаддиларга оммавий спорт қамровини янада кенгайтириш, ёшларни спорт мусобақаларига кенг жалб этиш, электрон рўйхатга олиш тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА