English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт соҳаси ходимлари Конституцияга киритиладиган ўзгаришларни муҳокама қилди
18:11 / 2022-06-30

Ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгариш ҳамда янгиланишлар ҳар биримизнинг турмуш тарзимиз, мақсад ва интилишларимиз, ҳатто қарашларимизга ўз таъсирини ўтказади. Худди шундай, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси фуқароларнинг ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатини мустаҳкамлаш жараёнида бевосита иштирок этиш учун имкон яратмоқда. Жойларда ташкил этилаётган «Менинг Конституциям» шиори остидаги жамоатчилик муҳокамаси аҳолининг кенг қатлами учун айни муддао бўлмоқда.

Спортни ривожлантириш вазирлигида ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар муҳокама қилинди. Унда 2 минг нафардан ортиқ соҳа ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алихонов иштирок этиб, Бош қомусимизга киритилаётган ўзгартиришлар ва уларнинг жамият ҳаётига таъсири тўғрисида сўз юритди.

Таъкидланганидек, Конституциявий комиссияга фуқароларимиздан бугунгача 65 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган. Муҳокамалар жараёни 5 июлгача давом этишини инобатга олсак, бу кўрсаткич янада ортиши табиий. Фуқаролар томонидан келиб тушган таклифларнинг аксарияти инсон, унинг ҳаёти ва эркинлиги билан боғлиқ бўлган, шунингдек, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилгани маълум қилинди.

Муҳокамалар давомида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича аҳоли таклифлари учун «Менинг Конституциям» онлайн платформаси, «Call-markaz», электрон почта, телеграм махсус боти каби замонавий ахборот-коммуникация воситалари фаолияти йўлга қўйилганлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида спорт соҳаси вакиллари ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар хусусида ўз таклифларини билдирди.

Отабек Эшмаматов, ЎзА