English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт синовлари: саломатликка эътибор қаратганлар эътирофга лойиқ кўрилади
11:12 / 2026-02-24

Ҳар қандай муваффақиятнинг таг замини саломатлик, соғлом турмуш тарзи, жисмоний баркамоллик ҳисобланади.

Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини мунтазам ўтказиш орқали аҳолини оммавий спорт машғулотлари билан қамраб олиш, жисмоний тарбия билан шуғулланувчилар сафини кенгайтириш устувор вазифа этиб белгиланган.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар йили юртимиз маҳаллаларида, ўқув даргоҳларида, ташкилот ва корхоналарда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини тизимли тарзда ўтказиш вазифаси белгиланган.

Ортда қолган 2025 йилда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини қабул қилиш ишлари натижасида мамлакатимизнинг 7 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдаги 5,8 миллион нафар аҳоли ихтиёрий ва махсус талаблар бўйича рўйхатдан ўтиб, уларнинг 5,4 миллион нафаридан спорт синовлари қабул қилингани аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан жорий йилнинг 21 февралидан юртимизда истиқомат қилаётган 7 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта ёшдагилардан “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларида иштирок этишлари учун my.sport.uz платформасидан рўйхатдан ўтиш бошлангани эълон қилинди.

Хўш, спорт синовларини жойларда тизимли ташкил этиш, аҳолининг саломатлик даражасини баҳолаш мезонлари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига қай тарзда таъсир кўрсатмоқда?

Айтиш лозим, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари тадбирлари 2022 йилдан бери тизимли тарзда ташкил этиб келинмоқда.

Ўтган йиллар давомида юртимизда турли жабҳаларда қўлга киритилган юксак натижаларда, халқаро даражадаги ўзига хос кўрсаткичларда саломатлик тадбирларининг энг муҳим бўғини бўлган “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг ўрни беқиёс бўлгани сир эмас.

Спорт вазирлиги маълумотига кўра, ўтган йили спорт синовлари тадбирларида қатнашиб, махсус талаблар бўйича ғолиб ва совриндорликка эришган мактаб ўқувчиларининг 31 минг 789 нафари I, II ва III даражали кўкрак нишонлари ҳамда энг юқори натижа кўрсатган 5 минг 129 нафар ёш эсдалик совғалари билан тақдирланиши туфайли улар орқали маҳаллаларга, оилаларга саломатлик ҳаракати эпкини кириб борди.

Ўтган йил ҳолатида юртимиздаги 165 мингта олий таълим муассасаларининг 190 минг нафарга яқин талаба-ёшлари, 9 мингдан зиёд маҳалланинг 335 минг нафардан зиёд аҳолисидан “Жисмоний тайёргарлик даражаси” қабул қилинди.

Бу, энг аввало, жойларда соғлом турмуш тарзига қизиқувчи аҳоли сонининг ортишига таъсир кўрсатган бўлса, кейин ёшлар ўртасида ҳаваскор ва профессионал даражада спорт билан шуғулланувчилар сонини оширишга, юқори малакали спортчиларни босқичма-босқич тайёрлаш тизимига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Спорт синовларининг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” талабларини муваффақиятли бажаришда фаоллик кўрсатганлар, спорт синовларининг махсус талабларини 4 та ёш тоифасидаги гуруҳ бўйича топшириб, I, II ва III даражали кўкрак нишонларидан бирини қўлга киритганлар тегишли давлат мукофотларига тавсия этилиши назарда тутилган. Ушбу рағбат соғлом турмуш тарзи тамойилларига риоя қилганлар нафақат саломатликларини мустаҳкамлайди, балки давлат томонидан эътирофга ҳам лойиқ кўрилади, деганидир.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА