Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт синовлари — саломатлик йўлида ташланган энг тўғри қадам
16:07 / 2025-10-28

Соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш ва саломатликни мустаҳкамлаш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларига старт берилди.

Тадбир туман ҳокимлиги, 1- ва 2-сонли болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, “Маҳалла” уюшмаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Унинг асосий мақсади — аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортга бўлган қизиқишни ошириш ва жисмоний ҳолатни баҳолаш орқали соғломлик маданиятини юксалтиришдир.

Спорт синовларида 30 ёшдан 70 ёшгача бўлган хотин-қизлар фаол иштирок этишди. Улар югуриш, узатиш ва чўзилиш машқлари, жисмоний мувозанатни сақлаш каби йўналишларда ўз имкониятларини синаб кўрди. Ҳар бир иштирокчининг натижалари махсус мезонлар асосида баҳоланиб, уларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси аниқланди.

– Бундай тадбирлар нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб этади, балки аҳоли ўртасида ижобий кайфият, ҳамжиҳатлик ва бирдамликни янада кучайтиради, –  дейди 1-сонли спорт мактаби директори Сарвар Норматов. –  Айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида соғломлик маданиятини шакллантиришда спорт синовларининг аҳамияти катта.

Тадбирда нафақат ёшлар, балки катта авлод вакиллари ҳам фаол иштирок этишди. Олмазор  маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Зарофат Зарифова шундай дейди:

– Ёшим 61 да. Бугунги спорт синовларига келиним ва набираларим билан келдим. “Спорт — соғлом турмуш тарзи кафолати” деган гап жуда тўғри экан. Чунки соғлиқ — бу бахт. Уни асраш, қадрига етиш керак. Кўп одамлар турли касалликлардан шикоят қилади, аммо уларнинг осон ва табиий давоси — спорт. Агар киши соғлом овқатланиш ва ҳаракат қоидаларига амал қилса, дард унга йўламайди. Югуриш мусобақаларида иштирок этиб, янада тетиклашдим, янги куч ва энергия олдим.

Тадбир якунида фаол иштирокчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалар топширилди. Спорт мураббийлари ҳамда соғлом турмуш тарзи тарғиботчилари томонидан аҳолига амалий маслаҳатлар, жисмоний машқларни тўғри бажариш ва соғлом овқатланиш бўйича тавсиялар берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири