Сўнгги йилларда ёшлар ўртасида соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, жисмоний фаолликни оммалаштириш ва спортга бўлган қизиқишини ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, давлат раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон — 2030" стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармон доирасидаги амалий тадбирлар режаси мамлакат бўйлаб ёш авлоднинг жисмоний тайёргарлигини комплекс баҳолаш ва рағбатлантириш тизимини йўлга қўйди. Бугун бу ташаббус умумтаълим мактабларидан тортиб, олий таълим муассасаларигача бўлган босқичда самарали натижалар бераётгани амалга оширилаётган ишлар кўламида ўз аксини топмоқда.
Ушбу муҳим ташаббус доирасида 2025 йилнинг 19 апрель куни “Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати” музейида мамлакатимиздаги мавжуд 208 туман ва шаҳар мактаб жамоалари учун “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларига тантанали тарзда старт берилганди.

Ўтган давр мобайнида хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан 17 майигача бўлган муддатда мамлакатимиздаги 10 минг 134 та умумтаълим мактабларининг 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўқувчилари 5 ёш тоифасида ихтиёрий ҳамда махсус талаблар асосида спорт синовларида иштирок этди. Электрон рўйхатдан ўтиш орқали 5 миллион 259 минг ўқувчи тест синовларига қатнашишдан рўйхатдан ўтган бўлса, 4 миллион 927 минг нафари спорт синовларини муваффақиятли топширди.

Синов натижаларига кўра, 336 минг ўқувчи I-даражали, 916 минг II-даражали ва 2 миллион 597 минг нафари III-даражали сертификатларга эга чиқди. Юқори спорт кўрсаткичлари билан ажралиб турган 13-17 ёш оралиғидаги 58 минг нафар ўқувчи эса ихтиёрий синовлардан ташқари махсус талаблар бўйича ҳам ўз имкониятларини синаб кўрди. Уларнинг 34 минг нафари ижобий натижага эришди. Натижада 4 минг ўқувчи I-даража, 11 минг нафари II-даража ва 18,8 минг нафари III-даражали сертификатлар билан тақдирланди.

Спорт синовлари орқали қўлга киритилган мукофотлар, эътирофлардан ҳам муҳим жиҳати – ушбу тизим орқали оилаларга, маҳалла ва мактабларга оммавий спорт ҳаракатининг шамоли кириб борди. Бу, юзлаб ёшларнинг саломатлиги яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.

“Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларининг талабалар ўртасидаги бу йилги тадбирлари ҳар қачонгидан ҳам самарали кечаётгани кўрсаткичларда ўз ифодасини топган. Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва спортга бўлган қизиқишини кучайтиришга қаратилган спорт синовларининг машғулотлари мамлакатимиздаги 161 та олий таълим муассасаси талабаларини қамраб олди. Май-июнь ойларининг шу кунларигача ўтган даврда тегишли платформа орқали 168 минг 982 нафар талаба рўйхатдан ўтиб, 107 минг 219 нафар синовларда ўз имкониятини чамалаб кўрди. Уларнинг 1 945 нафари I-даража, 8 минг 430 нафари II-даража ва 33 минг 296 нафари III-даражали мезон талабларини бажарди.

2025 йил 30 май куни бўлиб ўтган “Универсиада-2025” спорт мусобақалари якунида, энг юқори натижаларни кўрсатган 27 нафар талаба кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жисмоний тайёргарлик синовларининг тизимли йўлга қўйилиши ёшларга ўз имкониятларини баҳолаш кўникмасини тақдим этмоқда. Қолаверса, спортга бўлган қизиқишини оширмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар аҳолининг жисмоний тайёргарлик мезонини белгилашга қаратилгани, шунингдек, соғлом жамият ва баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилиши билан қадрлидир.
Т.Рўзиев,
М.Икромова, ЎзА