Аҳолини оммавий спортга жалб қилиш, жойларда оммавий спорт тарғиботини кучайтиришда маҳаллаларнинг ўрни беқиёс.
Шу маънода бугун юртимизда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир маҳалла кесимида спорт синовларини қабул қилиш бўйича "йўл хариталари" ишлаб чиқилди. Маълум вазифалар белгиланди. Ихтиёрий ва махсус талабларни бажариш тартиби, қоидалари ҳамда техникасига оид маълумотлар тўғрисида қўлланмалар жойларга етказиб берилади.

Шахсий намуна сифатида маҳалла раислари ва хотин-қизлар фаоллари спорт синовларини топшириши назарда тутилмоқда. Кейинчалик бу ташаббусни маҳалла аҳолиси ва кенг жамоатчилик вакиллари қўллаб-қувватлаб, давом эттириши кутилмоқда.
Аҳолидан спорт синовларини қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан Республика штаби фаолияти йўлга қўйилади.

Куни кеча Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг 208 та туман ва шаҳарлар бўлим бошлиқлари иштирокида аҳолини оммавий спортга жалб этиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш юзасидан семинар ташкил этилди.
Спорт вазирлиги мутахассислари иштирок этган семинар давомида аҳолининг 30 ёшдан 70 ёшгача ва ундан катта бўлган қисмидан белгиланган мезон асосида спорт синовлари жараёнларини тўғри ташкил этиш, спорт синовларини топшириш жараёнидаги ихтиёрий ва махсус талаблар тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, иштирокчилар томонидан аризаларни my.sport.uz платформаси орқали топшириш, топширилган аризаларни adm.sport.uz платформаси орқали баҳолаш, ёш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, спорт синовлари талабларини муваффақиятли бажарган шахслар бир йил мобайнида қандай имтиёз ва рағбатлантиришлардан фойдаланишлари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, спорт синовларининг ихтиёрий талабини топшириб, махсус талабларни бажарганлар I, II ва III даражали “Жисмоний тайёргарлик даражаси” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Шунингдек, бир йил мобайнида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши ҳуқуқига эга бўлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА