Нукус Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми спорт базасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида республика даволаш профилактика муассасалари ходимлари ўртасида спартакиада мусобақалари ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш орқали ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мусобақа иштирокчилари армрестлинг, шашка, стол тенниси, енгил атлетика, дартс, арқон тортиш турлари бўйича баҳслашди.
Таъкидланганидек, тиббиёт соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ходимлар орасида спорт мусобақаларини ташкил этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва оммавий спортга кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда.
Спартакиада якунида республика даволаш профилактика муассасалари ходимлари орасида умумжамоа ҳисобида Қорақалпоғистон Республикаси Санитария эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси биринчи, 1-Республика руҳий ва асаб касалликлари диспансери иккинчи, Республика ўлат профилактика маркази Қорақалпоғистон филиали учинчи ўринни эгаллади.
Ғолибларга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан кубок, медаль, дипломлар, совғалар топширилди. Шунингдек, “Энг ёши катта иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи”, “Энг моҳир ҳаваскор иштирокчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун” номинациялари бўйича ғолиблар рағбатлантирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА