Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрами олдидан Қўрғонтепа туманидаги Обод турмуш маҳалласида замонавий универсал спорт майдончаси барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди. Мамлакатимизда маҳалла ёшларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришларига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бу эса самарали натижалар бераётганлиги таъкидланди.
Маҳалла ёшларининг гандболчилар жамоаси ўтган йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги гандбол мусобақасининг мамлакат босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган эди. Маълумки, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақаларнинг республика босқичида ғолиб бўлган маҳалла жамоасига мукофот сифатида ана шу маҳаллада универсал спорт майдончаси қуриб берилиши белгиланган. Маҳалла ёшлари эришган ютуғи билан ўз маҳалласида универсал спорт майдончаси қурилишига замин яратди.
Тадбир давомида спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, жамоавий машғулотлар намойиш этилди. Янги спорт майдончасида спорт машғулотлари, турли мусобақа ва турнирлар, оммавий жисмоний тарбия тадбирлари ўтказиш учун барча имкониятлар мавжуд.
[gallery-24647]
Замонавий, белгиланган стандартларга тўла жавоб берадиган янги универсал спорт майдончаси маҳалла ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши, соғлом ва баркамол бўлиши, бўш вақтини мазмунли ўтказишида муҳим аҳамият касб этади.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари