Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Моминджанов Сирдарё вилоятида ёшлар учун яратилган спорт инфратузилмалари, секциялар фаолияти ҳамда мусобақаларга ёшларни жалб этиш ишлари билан танишди.
Вилоятдаги амалий мулоқотлар жараёнида Оқолтин туманидаги Янги давр маҳалласида барпо этилган “Универсал” спорт майдончасининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Мазкур майдонча “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг жорий йилги Республика босқичида пара енгил атлетика йўналишида 1-ўринни қўлга киритган маҳалла ёшлари учун Спорт вазирлиги ташаббуси билан қуриб берилган.


– Бу каби замонавий спорт иншоотлари ёшларимизнинг салоҳиятини юзага чиқариш, уларни соғлом ҳаёт сари етаклаш учун мустаҳкам замин яратади. Ҳар бир майдончада келажак чемпионлари тарбияланишига ишонаман, – деди Шарифжон Моминджанов.
Сирдарё вилояти ёшлари “Беш ташаббус олимпиадаси”да жорий йил ҳам ўз салоҳиятини намоён этди. Яқинда ўтказилган Республика босқичида Ширин шаҳрининг “Бунёдкор”, “Мирзо Улуғбек” ва “Ватанпарвар” маҳаллалари ёшлари 4 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритиб, юқори натижа қайд этди. Ғолиб ва совриндорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оммавий спорт турларига бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида Спорт вазирлиги томонидан ушбу маҳаллалар ёшлари учун 3 та “Универсал” ва 1 та “Стрит Воркаут” спорт майдончаси қуриб берилди.


– Очиғи, бу каби қўллаб-қувватловлар нафақат ёшларимиз, балки маҳалла фаоллари ва спорт устозлари учун ҳам катта рағбат. Спортга, соғлом ҳаётга бўлган қизиқиш кун сайин ортаётгани барчамизни қувонтиради, – дейди вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов.
Спорт иншоотлари фақатгина мусобақалар ўтказиладиган жой эмас, балки ёш авлод тарбиясининг муҳим маскани сифатида қаралаётгани барча даражадаги раҳбарлар эътиборида экани, шубҳасиз, келажакда Сирдарёдан яна кўплаб чемпионлар етишиб чиқишига замин яратади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири