Ховос туманида ёшлар спортини ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида туманнинг 1- ва 2-сонли спорт мактабларига замонавий спорт жиҳозлари ва спорт формалари топширилди.
Тантанали тадбирда жамоавий ва якка кураш спорт турлари, жумладан волейбол, футбол, баскетбол, гандбол, бокс, кураш ва таэквондо каби йўналишлар учун зарур анжомлар мактаблар ихтиёрига берилди. Жами 12 номдаги 844 дона спорт жиҳозлари ҳамда 2 номдаги 558 дона спорт формалари спортчилар ва мураббийлар учун ажратилди. Бу жиҳозлар машғулотлар самарадорлигини ошириш, спортчиларнинг жисмоний ва техник тайёргарлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда иштирок этган Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Буронов ёш спортчиларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун яратилган имкониятлар ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, замонавий жиҳозлар ва спорт формалари ёшлар учун машғулотларни самарали ташкил этиш, спорт маҳорати ва жисмоний тайёргарликни оширишда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, бундай чора-тадбирлар ёшларни олимпиада ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришишга ундайди, маҳаллий спорт салоҳиятини мустаҳкамлайди ва уларнинг келажакда миллий терма жамоалар сафида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради.

Вилоят спорт бошқармаси раҳбарияти спорт мактаблари раҳбарлари, мураббийлар ва спортчилар олдига 2026 йилда республика ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиш, иқтидорли спортчиларни миллий терма жамоалар сафида етказиб бериш ҳамда тажрибали мутахассисларни тайёрлаш вазифаларини белгилаб берди.

Шунингдек, тадбирда туманда янги олимпия спорт турларини ташкил этиш ва мунтазам спорт билан шуғулланадиган ёшлар қамровини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу замонавий жиҳозлар ва формалар спортчиларнинг машғулотлар самарадорлигини ошириш, уларнинг жисмоний ва техник тайёргарлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан 2026 йилда Ховос туманида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш, мавжуд инфратузилмани кенгайтириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган манзилли йўл харитаси ишлаб чиқилди. Ушбу йўл харитаси доирасида спорт мактаблари учун замонавий жиҳоз ва формалар топшириш каби вазифалар ҳам белгиланган ва ижроси эса доимий назоратга олинмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири