Сирдарё вилоятининг бир нечта туманларида спорт соҳасини янада ривожлантириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланган танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда ҳудудлар кесимида спорт мактаблари фаолияти ҳамда натижадорлик кўрсаткичлари танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Йиғилиш вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев бошчилигида ташкил этилди. Унда Сайхунобод ва Сирдарё туманлари спорт мактаблари мураббийлари, соҳавий масъуллар ҳамда тегишли ташкилотлар ва идоралар вакиллари иштирок этишди.

Таҳлиллар жараёнида спорт мактабларида ўқув-машғулот жараёнларининг сифати, спортчиларнинг республика ва халқаро мусобақалардаги иштироки, машғулотларнинг ташкил этилиши шунингдек, эришилаётган натижаларга атрофлича баҳо берилди. Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва саралаш, оммавий спортни ривожлантириш ҳамда мураббийлар малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, Сирдарё туманида спорт соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, спорт машғулотларининг мунтазам ташкил этилаётгани, ёшлар ўртасида спортга қизиқишнинг ортиб бораётгани ҳамда мусобақаларда қайд этилаётган натижалар ижобий баҳоланди.

Шу билан бирга, Сайхунобод туманида спорт соҳасида бир қатор жиддий камчиликлар мавжудлиги кескин танқид остига олинди. Жумладан, спорт мактаблари фаолияти сустлиги, натижаларнинг қониқарсиз экани, шунингдек, селекция ва оммавий спорт масалаларига етарли эътибор қаратилмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокими ўринбосари томонидан масъул раҳбарлар ва мураббийларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, спортчилар тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда ҳар бир спорт мактаби фаолиятини аниқ натижадорлик мезонлари асосида ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, спорт соҳасида масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижроси доимий назоратга олиниши маълум қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири