Ўтаётган ҳафта халқаро мусобақаларда иштирок этаётган мамлакатимиз спорт жамоалари учун натижаларга бой бўлди.
Боксчи йигитларимиз Иорданияда поёнига етган қитъа чемпионатида Ўзбекистон бокси қитъада тенгсиз эканлигини яна бир карра намойиш қилди. 5 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан 30 га яқин мамлакат терма жамоалари орасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Таэквондочиларимиз Мексикада ўтаётган жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 2 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда "Париж – 2024" олимпиадаси учун муҳим рейтинг очколарни жамғараётган бўлса, 12 нафар ўғил ва 8 нафар қизлардан иборат ёш боксчиларимиз Испанияда ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ишончли ҳаракат қилмоқда.
Юртимиз ёш боксчилари бугунгача саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтиб, медаллар учун курашнинг қизғин палласига яқинлашмоқда.
Дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатидан умидли чарм қўлқоп вакиллари қатнашаётган мусобақалар Испаниянинг Ла Нусия шаҳрида 26 ноябрга қадар давом этади.
Хабар берганимиздек, Жанубий Кореянинг Тэгу шаҳрида ўқ отиш бўйича якунланган қитъа чемпионатида 6 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритган спортчи ёшларимиз умумжамоа ҳисобида Ҳиндистон ва Жанубий Корея вакилларидан кейинги ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, шахматчиларимиз 19 ноябрь куни Исроилда жамоалар ўртасида бўладиган жаҳон чемпионати баҳсларига киришади.
Халқаро шахмат федерацияси томонидан дунёнинг энг кучли 12 та давлати терма жамоалари ўртасида ташкил этилаётган чемпионатда мамлакатимиз шахматчилари “Б” гуруҳида Озарбайжон, Ҳиндистон, Исроил, Польша, АҚШ жамоалари билан баҳс олиб боради. “А” гуруҳида эса Хитой, Франция, Нидерландия, Жанубий Африка, Испания ва Украина жамоалари курашади. Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари 26 ноябрь куни аниқланади.
Туркиянинг Анқара шаҳрида оғир атлетика бўйича ўтказилган халқаро турнирда юртимиз полвонлари 10 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларига мушарраф бўлди.
Колумбия пойтахти Богота шаҳрида бўладиган жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўраётган оғир атлетикачиларимизнинг Туркия спорт супачасида ушбу муваффақиятга эришишида маҳоратли атлетларимиз Адҳамжон Эргашев, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Нигора Абдуллаева, Ригина Адашбоева ҳамда Турсуной Жабборова каби спортчилар муносиб ҳисса қўшишди.
Ортда қолаётган ҳафта сарҳисобига кўра, юртимиз спортчиларининг халқаро спорт майдонларидаги ғалабали одимлари натижасида Мексика, Жанубий Корея, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қирғизистон каби ўндан зиёд давлатда мадҳиямиз янграб, Ўзбекистон байроғи сарбаланд бўлди.
Эътибор берилса, ўтаётган ҳафта бокс, оғир атлетика, таэквондо, ўқ отиш спорт турларидаги вакилларимизнинг ғалабали дамларига бойлиги билан ажралиб турди. Хўш, келаётган ҳафта қайси спорт турида муносиб ютуқларга эришамиз-у, қайси бирларида янги рекордлар ва шов-шувли кўрсаткичлар қайд этилади? Бу энди вақт ҳукмига ҳавола. Аммо, келгуси кунлардан Қатарда футбол бўйича бошланаётган жаҳон чемпионатида иштирок этаётган 32 та мамлакат терма жамоаларидан бири Ўзбекистон бўлмаса-да, ушбу шиддатли баҳсларни зўр ҳаяжон билан кузатиш асносида Ватанимиз футбол жамоаси қачонлардир улар қаторида бўлишини ният қилиб, ҳур байроғимизни Қатар яшил майдонлари узра ҳилпиратадиган жонфидо юртдошларимиз ҳам борлиги кўнгилга таскин бермоқда.
Юқорида айтганимиз, жаҳон спорт майдонларида юртни улуғлашдек шукуҳли онлар Ватанимиз тимсоли бўлган байроғимиз қабул қилинган куннинг 31 йиллигини қаршилаган дамларда рўй бераётганлиги янада ўзгача мазмун касб этмоқда.
Бу шараф, Ватан номини улуғлашдек ғурурли чоғлар келгуси ҳафтада Испания, Қатар, АҚШ, Мексика, Исроил, Ҳиндистон каби давлатларда бокс, таэквондо, профессионал бокс, кураш, шахмат ва бошқа спорт турлари бўйича ўтадиган турнирларда, чемпионатларда бардавом бўлиши шубҳасиз. Зотан, оловқалб спортчиларимизнинг қалб қўридаги эзгу нияти ҳам шу.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА