Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт курашлари (юнон-рум, эркин ва аёллар кураши)ни ривожлантириш ва оммалаштиришнинг асосий мақсадлари белгиланди
15:25 / 2026-01-26

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Спорт курашларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, мамлакатимизда спорт курашларини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш ҳамда миллий терма жамоаларнинг нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида спорт курашларини (юнон-рум, эркин ва аёллар кураши) ривожлантириш ва оммалаштиришнинг асосий мақсадлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат: 

а) спорт курашларини оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш ҳамда уларни профессионал спортчи сифатида тайёрлаш, мусобақаларнинг янги турларини жорий этиш; 

б) тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш; 

в) спорт курашлари бўйича замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, мавжуд моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни доимий равишда спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминлаш. 

Қарор билан: 

а) Спорт курашларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури; 

б) 2026-2032 йилларда спорт курашларини ривожлантириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.

2026 йилдан бошлаб спорт курашлари бўйича қуйидаги мусобақалар мунтазам ўтказиб борилади: 

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги; 

б) Бош прокурор кубоги; 

в) "Ўзбекистан ботирлари" турнири; 

г) Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида кубок ва чемпионатлар. 

Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ҳузурида Минтақавий спорт курашлари академияси ташкил этилади. 

Академиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади: 

а) илғор хорижий тажрибани ўзлаштириш ва халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда, спорт курашлари бўйича спортчилар, тренерлар, ҳакамлар ва бошқа спорт мутахассисларини замонавий, инновацион методикалар, илмий-таҳлилий ёндашув асосида тайёрлаш тизимини жорий этиш; 

б) Бирлашган кураш дунёси, Осиё спорт курашлари федерацияси ҳамда етакчи хорижий мамлакатларнинг спорт курашлари бўйича федерация (ассоциация)лари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш; 

в) барча даражадаги спорт-таълим ташкилотларида ягона ёндашув асосида спорт курашлари бўйича спортчиларни тайёрлашни ташкил этишга кўмаклашиш.

2026/2027 ўқув йилдан бошлаб зарур инфратузилмаси мавжуд бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида спорт курашлари бўйича спорт мактабининг бошланғич тайёргарлик гуруҳлари учун ишлаб чиқилган режа асосида "Болалар учун кураш" дастури жорий қилинади.

Спорт курашлари клубларига эга бўлган ҳамда "Болалар учун кураш" дастури жорий этилган умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида спорт курашлари бўйича тизимли равишда спорт мусобақалари ўтказиб борилади. 

Жойларда спорт курашлари билан шуғулланаётган, шунингдек, мусобақаларда қатнашувчи барча спортчилар тўғисидаги маълумотларни рақамлаштириш тизими жорий этилади.

ЎзА