Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Спорт курашлари: Қитъа чемпионатида 13 та медаллар шодаси қўлга киритилди
18:30 / 2022-07-11

Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионати якуний сарҳисобига кўра, мамлакатимиз спортчилари 13 та медалга мушарраф бўлди.

Дастлаб юнон-рум курашчилари ўртасидаги беллашувларда ҳамюртларимиздан 4 нафари шоҳсупага кўтарилди. 77 кг вазн тоифасида Самандар Бобоназаров эронлик Маъсуд Али Акбар Гафини 30 сония ичида мағлубиятга учратди ва шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди.  

Финалга қадар барча беллашувларни муваффақиятли ўтказган икки курашчимиз олтин медаль учун кечган баҳсда рақибларига имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан кифояланди. 87 кг вазнда Азаматжон Абдубаннобов қозоғистонлик Максат Сайлауга, 130 кг вазндаги Темурбек Насимов эса эронлик Фардин Ҳедаятига “йўл берди”.  

Бронза медали учун беллашувларда 55 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Алишер Ғаниев Саудия Арабистони вакили Абдуллоҳ Жандуни муддатидан аввал (10-0) таслим этган бўлса, Ҳусниддин Олимбоев (63) қозоғистонлик Багдат Сабазга кичик ҳисобда ютқазиб қўйди.  

Чемпионатда эркин курашчиларииздан ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалолов(65), Зафарбек Отахонов(70), Арслан Раҳимов (61), Равшанбек Жумабоев (92) ўз вазнларида бронза медалига эга чиқди. 

Қитъа чемпионати баҳсларида аёллар курашида қатнашган терма жамоамиз аъзоларидан 4 нафари шоҳсупага кўтариди. 57 кг вазнда гиламга чиққан Лайлохон Собирова барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионлигини қўлга киритди. 

53 кг оғирликда Дилшoда Матназарова айлана тизимда ўтган беллашувлар якунида кумуш медалга сазовор бўлди. 62 кг вазнда курашган Рушана Абдирасулова ҳамда Фируза Есенбаева (68) бронза медали билан тақдирланди.  

Аёллар курашида янги саҳифа очган курашчи қизларимиз қитъа биринчилигини 1 тадан олтин ва кумуш, 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида Япония ва Ҳиндистондан сўнг 3-ўринни эгаллади. 

Спорт курашлари бўйича ёшлар терма жамоамиз чемпионатни 2 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза медали билан якунлаб, Осиёда Ўзбекистон курашчиларининг ўз ўрни борлигини намойиш этишди. 



Аҳамиятлиси, қитъа чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Лайлохон Собирова, Дилшoда Матназарова, Самандар Бобоназаров, Азаматжон Абдубаннобов, Ҳусниддин Олимбоев каби спортчиларимиз тимсолида мамлакатимизда янги истеъдодли курашчилар авлоди етишиб келаётганлигини кўрсатади. Бу, сўзсиз мураббий ва мутахассисларнинг меҳнатлари самарасидир. 

Бахрайнда Ватан довруғини достон этган ёш спортчиларимиз эртага, 12 июль куни Тошкентга қайтиб келишади. 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА