Бухоро шаҳрида замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган янги Спорт курашлари марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов мамлакатимизда спортни ривожлантиришга давлат миқёсида алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, вилоятда спорт курашлари турларини янада ривожлантириш, ёшлар ўртасида оммалаштириш ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этадиган иқтидорли спортчиларни тайёрлаш мақсадида мазкур замонавий спорт мажмуаси барпо этилганини қайд этди. Вилоят раҳбари барчани янги спорт иншоотининг очилиши билан самимий табриклаб, бу ерда тарбия топаётган ёшлар келгусида юртимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишларига ишонч билдирди.

Мазкур спорт мажмуасида спортчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда эркин кураш, юнон-рум кураши ҳамда аёллар кураши йўналишлари бўйича мунтазам машғулотлар ўтказиш имконияти мавжуд. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган машғулот заллари, спортчилар учун қулай инфратузилма, мураббийлар учун ишчи хоналар ҳамда мусобақаларни юқори савияда ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар бор.
Тантанали тадбир давомида 2025 йил якунларига кўра халқаро ва нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришган бир қатор спортчилар муносиб тақдирланди. Уларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган ёш спортчилар ҳам алоҳида эътироф этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар янги спорт мажмуасида ёшлар учун яратилган имкониятлар билан яна бир бор танишиб, бу каби замонавий иншоотлар ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, уларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири