Наманган муҳандислик-технология институти талабалари спортнинг олимпия ўйинлари ҳамда шарқона яккакураш турлари билан шуғулланиб, салмоқли натижаларга эришяпти. Истеъдодли талабалардан тўрт нафари “Ўзбекистон Республикаси спорт устаси” гувоҳномасига эга бўлгани бунга яққол мисолдир.
Тўрт карра мамлакат чемпиони Муяссар Қамбаралиева, икки карра республика чемпионлари Диёра Ғанибоева, Лобар Раҳмонбердиева ва Одилжон Мирзаумаров каби моҳир спортчи ёшлар нуфузли мусобақаларда институт мавқеини юксалтираётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Олийгоҳ ахборот хизмати томонидан ташкил этилган пресс-турда оммавий ахборот воситалари ходимлари жисмоний тарбия ва спорт борасида олиб борилаётган ишлар, спорт бўлими фаолияти билан яқиндан танишди.
–Институтдаги иккита ёпиқ ва олтита очиқ спорт майдончаларида спортнинг 20 дан ортиқ турлари билан шуғулланиш, турли мусобақалар ўтказиш имконияти яратилган, – дейди Наманган муҳандислик-технология институтининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Маъруфжон Қаюмов. – Айниқса, сўнги йилларда спортнинг муай-тай тури кенг оммалашди. Спорт бўлими бошлиғи, доцент, моҳир мураббий Улуғбек Қўчқоров бошчилигидаги жамоа аъзоларидан шу вақтга қадар 35 нафар талаба спорт устаси соҳиби, 120 нафари Ўзбекистон чемпиони, 300 дан ортиқ талабалар эса мамлакат чемпионати ва кубоги мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритгани мазкур йўналиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар янги босқичга кўтарилганидан далолат.
Институт спорт бўлими давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга жалб қилиш борасидаги муҳим вазифалар ижросини таъминлашда ҳам фаоллик кўрсатмоқда.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА